Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2017 18:38 Чоп этиш версияси

Аҳолини газдан заҳарланишдан асраш бўйича тактик ўқув машғулот ўтказилди

Урганчда аҳолини табиий ва ис газидан заҳарланишдан асраш, газдан чақнаш ва ёнғин оқибатларини бартараф этишда авария тиклаш тузилмаларининг тегишли хизматлар билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари мавзусида махсус-тактик ўқув машқи бўлиб ўтди.

Тадбирда газ таъминоти мутахассислари, вилоят ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ҳавонинг кескин совиши натижасида корхона-ташкилотлар, аҳоли турар жой мавзелари, кўп қаватли уйларда иссиқликка бўлган эҳтиёж янада ортади. Айрим ҳолларда иситиш асбобларига нисбатан эътиборсизлик натижасида табиий ва ис газидан заҳарланиш, ёнғин каби хавфли вазиятлар юзага келиши мумкин. Ана шундай нохуш вазиятларда хавфни бартараф этиш, фуқаро муҳофазасини таъминлашда авария тиклаш тузилмаларининг тегишли хизматлар билан ҳамкорликдаги ҳаракати муҳим аҳамият касб этади.

“Урганчшаҳаргаз” корхонаси биноси ҳудудида шартли равишда фавқулодда авария ҳолати юзага келгани ҳақида маълумот берилгач, фуқаро муҳофазаси тузилмалари ва вилоят, шаҳар фавқулодда вазиятлар давлат тизими хизматларининг содир бўлган фавқулодда вазиятни бартараф этишга бўлган тайёргарлик ҳолати текширилди. Ёнғин пайтида маъмурий бино ичидаги ходимлар, моддий бойликларни хавфсиз жойга кўчириш, ёнғин кенгайишига йўл қўймаслик каби тадбирлар амалга оширилди.

– Бу каби тадбирлар идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаб, фуқаролар ҳушёрлигини янада оширади, – дейди “Урганчшаҳаргаз” корхонаси раҳбари М.Ёқубов. – Айниқса, кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган аҳолига куз-қиш мавсумида иссиқлик энергиясини доимий етказиб бериш ўта муҳим вазифа. Бинобарин, иш жараёнида соҳа ходимларидан алоҳида масъулият ва ҳушёрлик талаб этилади.

Шу куни Урганч шаҳридаги 67-иситиш қозонхонасида табиий ва ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ содир бўлган шартли равишдаги фавқулодда вазият қутқарув гуруҳи томонидан бартараф этилди. 3 нафар ишчи қутқарилиб, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди.

Махсус-тактик ўқув машқи ниҳоясида йўл қўйилган камчиликлар юзасидан фикр алмашилди, табиий ва ис гази билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар бўйича аҳоли хабардорлиги ҳамда билимини янада ошириш лозимлиги таъкидланди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
1 865






Все о погоде - Pogoda.uz