Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.05.2018 10:11 Чоп этиш версияси

Лимон етиштириш осон...ми?

Лимон етиштириш осон...ми?
Томорқадан даромад олиш ҳақида сўз юритилса, кўпчилик энг осон усули лимонзор ташкил қилиш экан, деган фикрни билдирмоқда.

Аслида ҳам шундайми? Келинг, бу борада миришкор томорқачи Боҳодир Саидамировнинг фикрларини эшитиб кўрамиз.

Тўққиз сотихда иссиқхона ташкил этганмиз. Ҳар йили ўртача олти тоннагача лимон олардик. Шундай бўлсада, лимон етиштиришни осон деб ўйламайман. Агарда бир хато қилсангиз, нафақат ҳосилни, балки дарахтни ҳам бой бериб қўйишингиз мумкин. Ўзимдан қиёс: 90 йиллардан буён лимончилик билан шуғулланиб келаман. Шундай бўлсада, хато қилганим туфайли, 10 йиллик лимон дарахтларини шу қишда олиб ташлашга мажбур бўлдим. Сабаби, парваришда йўл қўйилган эътиборсизлик туфайли ҳосил кескин камайди. 

Бир нарсага эътибор қилинг. Агар бу кўчатларни бехато, тўғри парвариш қилганимизда 20 йилгача яхши ҳосил берган бўларди. 

Ҳозир водийдан янги кўчатлар олиб келдик. Олдин 80 ортиқ кўчат экилган жойга, тажрибадан келиб чиққан ҳолди 117та кўчат экдик. Сабаби ҳосил кўп бўлиши учун қалинроқ усулни танладик. Улар 3-4 йилда ҳосилга кириб, ҳар тупи 50-60 килограммдан лимон беради. Кейинчалик бу кўрсаткич 100 килограммгача етиши мумкин.

Улар ҳосилга киргунча, ерга икки йил давомида бошқа экинлар экишимиз мумкин. Бу йил бақалажон экдик.

Мана бу тарафда саккиз йиллик дарахтлардан бир неча туп қолган. Уларнинг ҳар бири 50 килограммдан ҳосил беради. Биз мандарин, апельсин ниҳолларини ҳам қадаб кўрдик. Негадир, кўкариб, кейин бирдан қуриб қолди.

Шундай экан, ҳар бир юмушнинг ҳам, даромаднинг ҳам замирида оқилона меҳнат бўлади. Зеро, инсонда қандайин мақсад бўлмасин, у катта меҳнат, сабр ва матонат талаб этади.

Сайёра Шоева, ЎзА
13 958