Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.10.2017 11:16 Чоп этиш версияси

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда

Бухоро вилояти Газли шаҳридаги ишлаб чиқариш корхоналари ва ижтимоий соҳа объектларида куз-қиш даврига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида шаҳарда давлат ва хўжалик ташкилотлари томонидан кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.

Газли вилоят иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган саноат марказларидан бири. Шаҳар атрофи ҳамда ундан бир неча ўнлаб километр олисда жойлашган нефть ва газ қазиб чиқариш конлари ва “зангори олов”ни мамлакат истеъмолчиларига магистраль қувурлар орқали етказиб берувчи корхона фаолият юритмоқда. Ушбу иқтисодиёт тармоқларида ҳам тегишли объектларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича техникавий ва ташкилий тадбирлар амалга оширилаётир.

Кулбешкек газ конида 17 километр масофада электр энергияси узатувчи ҳаво линияси тармоғи қурилди. Дояхотин газ конида вахта усулида фаолият кўрсатадиган ва 25 ишчи-хизматчига мўлжалланган турар-жой биноси барпо этилди.

Газли магистраль газ қувурлари бошқармаси тизимидаги қувурларнинг 12 километри, сиқув компрессорлари агрегат ва иншоотлари жорий ҳамда мукаммал таъмирланди.

Шаҳар марказидаги Газли маҳалласида “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси маблағлари ҳисобидан янги модуллаштирилган қозонхона ишга туширилди. Умумий қиймати 800 миллион сўмлик ўзига хос ушбу “иситиш маркази” компьютерлаштирилган бўлиб, ундаги барча жараёнлар автоматик бошқарилади. Қозонхона ресурс тежамкор технологиялар билан жиҳозланган. Шу боис, у амалдаги турдошларига нисбатан электр энергияси ва табиий газни тўрт баробаргача кам сарфлайди. Қозонхона Учқир ва Амир Темур кўчаларидаги ўнта кўп қаватли уй ва маъмурий биноларни иссиқлик билан таъминлайди.

– Илгари 2 километр наридаги эскирган қозонхонадан иссиқлик энергияси олар эдик, – дейди “Газли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б.Ниёзов. – Очиғи, масофа олислиги ва узатиш қувурларидаги муаммолар сабаб уйларга иссиқлик тегишли ҳароратда етиб келмасди. Мана энди, бевосита ҳудудимизда қозонхона қурилиши ва ундан янги узатиш қувурлари тортилгани туфайли муаммо барҳам топди. Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида кўп қаватли уйларимизнинг ертўла қисмидаги иссиқлик ва ичимлик сув қувурлари, кириш йўлаклари таъмирланди, янги эшиклар ўрнатилди.

“Газлинефтгазқазибчиқариш” масъулияти чекланган жамиятининг маъмурий биноси ва ёрдамчи иншоотлари ҳам муқобил тарзда модуллаштирилган қозонхонага эга бўлди. Бу замонавий қурилма одатда биноларга таннархи нисбатан арзон, сифатли ва барқарор иссиқлик энергияси етказиб беради.

Ичимлик суви ҳудуднинг муҳим ижтимоий масалаларидан бири. Унга куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида алоҳида эътибор қаратилди. Узунлиги 170 километрлик Саримой-Газли сув қувурининг 5,4 километри мукаммал таъмирлангани шаҳар аҳолисининг оби-ҳаётга бўлган эҳтиёжини янада барқарор таъминлашга хизмат қилади.

Соғлиқни сақлаш ва халқ таълими муассасаларида ҳам иситиш мавсумига тайёргарлик борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шаҳар шифохонаси ва 36-умумтаълим мактабидаги қозонхоналар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан янгиланиб, мавсумга шай қилиб қўйилди. 25-мактабгача таълим муассасасида эса бу ишлар поёнига етказилмоқда.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
3 561






Все о погоде - Pogoda.uz