ЎзА Ўзбек

26.04.2019 18:11 Чоп этиш версияси

Кундуз куни чироқ ёқтиришдан мақсад нима?

Кундуз куни чироқ ёқтиришдан мақсад нима?

Кун кўрмаган кун кўрса,
кундуз куни чироқ ёқар.

Халқ мақоли

Автомобиллар савдосидаги монополиядан тушаётган даромадлар агар давлат хазинасига тушаётган бўлса, демак, бу – халқнинг истар-истамас давлатга қилаётган хизмати ҳисобланади.

Одамларнинг бир амаллаб қарз-ҳавола қилиб эришган машинасини расмийлаштиришлардаги кассага тўла-тўлаларга хурсандчилик кунларида кўп ҳам эътибор қилмасдир балким. Машинага етишдим, мурод-мақсадга эришдим, деб ўйлаган ҳайдовчи "чучварани хом санагани"ни йўл ҳаракати қоидаларга дуч келганда тушуниб етади.

Янгидан-янги пайдо бўлаётган қоидаларни ўқир эканман, назаримда, машина минган инсон гуноҳкордек туюлади. Автомобиллар олди-сотдиси ва йўл қоидалари тўғрисидаги қонунларни чиқараётганлар худдики, жиноятчиларга қатъий тартибдаги қонунларни қабул қилишаётгандек ўзларини ҳис қилишса керак, назаримда.

Машина ҳайдамаганлигим боис бўлса керак, шу вақтгача йўл ҳаракати қоидаларининг барчаси ҳайдовчиларнинг хавфсизлиги учун деб ўйлардим. Аммо ҳайдовчиларга чиқарилган сўнгги қоиданинг аҳамияти ва сабабини ҳар қанча ўйламай барибир топа олмадим. Бу қоида ҳаётда ўта хотиржам каминанинг ҳам ғашини келтирди. Яъни кундуз куни чироқларни ёқиб юриш мажбурийлиги тўғрисидаги қарорнинг ҳаётга татбиқ этилиши менда ҳам қонунларга бўлган ишончсизликни уйғотди. Бу қарорни шундай тарифлаш мумкин: Фуқароларнинг адашиши ёки ёдидан кўтарилишидан унумли фойдаланиб қолиш ва жаримага тортиш. Чунки кундуз куни чироқни ўчириб юришда ҳеч қандай жиноят ёки инсонлар ҳаётига рахна солувчи субъектив ва объектив сабаблар умуман кўринмаяпти.

Ушбу қоидани ўйлаб топган мутасаддиларнинг фикрича кундуз куни чироқни ёқиб юриш кўримлиликни оширар экан. Ривожланган давлатларда худди шундай қонун мавжуд эмиш. Урааа, биз ҳам ривожланишнинг сирли йўлини топдик. Энди кундуз куни чироқни ёқиб юрсак, албатта ривожланиб кетамиз. Бир замонлар ривожланган давлатларга тақлид қилиб инсон қадами етмаган чўлларда коллежларни очиб ташлаган эдик. Натижаси эса, барчага аён.

Кундуз куни чироқ ёқиб юрадиган ўша ривожланган давлатларда нега чироқ ёқиб юришини суриштиришга таржимон топиша олмаганми шекилли, сабабини ҳайдовчилардан сир тутишди. Ўша ривожланган давлатлар аҳолидан жарималар ундириш ёки ривожланиш учун бу қонунни ўйлаб топишмаган. Аксинча, кундуз куни чироқ ёқиб юриш улар учун жуда зарур. Чунки ўша ривожланган давлатларда иқлим шуни тақозо этади. Яъни, йилнинг ярмидан кўпи туманли об-ҳаводан иборат. Туман бўлмаган вақтда ҳам ёғингарчилик мўл бўлади. Улардан биз олишни истамаган жиҳати шуки, чироқ ёқилмай қолган тақдирда ҳам фуқаролари зор қақшатиб жаримага тортилмайди. Аксинча, эслатиб қўйилади.

Мутасаддиларнинг фикрича, кундузи чироқ ёқиб юриш йўл транспорт ҳодисаларини 15 фоиз камайишига олиб келар экан. Ҳайдовчиларнинг ҳаётини ўйлаётган ўша ғамхўр раҳбарлар Ўзбекистондаги йўл транспорт ҳодисаларининг 40 фоизи йўлдаги носозликлар туфайли содир бўлаётганлигини билишмайди десам, ёлғончи бўламан. Бензинга йўл учун қўйилаётган 3% устама, бюджетдан ажратиладиган маблағлар, ҳайдовчилардан ундирилаётган жарималар ҳисобига юртимизнинг ҳар бир қарич ерини гиёҳ ўсмайдиган қилиб асфальт қилиб ташласа бўлади, аслида. Балким, тахлам-тахлам қоғозларда шундайдир аммо, ҳақиқий ҳаёт ўйдим-чуқурдан иборат.

Агар ростдан ҳам мутасаддилар ҳайдовчиларга қулайлик яратиш мақсадида ушбу қонунни ўйлаб топишган бўлса, унда улар тунда ёқилган машина чироқлари ҳайдовчига қанчалик халақит қилишини ҳам билишади-ёв ҳойнаҳой. Қарама-қарши йўлдан келаётган ҳамда орқадаги машинанинг чироғи ҳам орқани кўрсатувчи ойнадан кўзни қамаштиришини ҳайдовчининг барчаси билади. Йўқ, асло ундай эмас. Бу қоидани маслаҳат бериб миллионлаб инсонлар қарғишига қолишни истамайман. Аммо мени хавотирга солаётган бошқа бир қонун бор. Яъни, кундуз куни кўримлиликка таъсир қилишини инобатга олиб оқ рангдаги машиналарнинг тақиқланиши Ўзбекистон аҳолиси учун жуда хатарли бўлади. Балким, машина рангларини ишлаб чиқарадиган заводлар ушбу қонун ҳужжатини тайёрлашаётган бўлса ҳам, ажаб эмас.

Қисқаси, қонун ва қоидаларни ишлаб чиқаётганларга эътирозим йўқ. Уларни қабул қилаётганларга илтимосим шуки, қонунлар фуқароларнинг хатосидан унумли фойдаланиб қолиш мақсадида эмас, аксинча, фуқаролар қонунлардан фойдаланиши учун чиқарилиши керак.

Шерали Отабоев, журналист

ЎзА
20 602