Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.08.2017 18:58 Чоп этиш версияси

Ўксик кўнгилларни шод этиб....

Ўксик кўнгилларни шод этиб.... Қариндош-уруғнинг аччиқ-чучук гапини эшитишу, уй эгасининг қовоқ-тумшуғига қараб яшашнинг қанчалик оғирлигини Ойбаҳор Жўрақулова яхши билади. Турмуш ўртоғи вафот этгач, қўлидаги гўдаги билан кўчада қолган ёш жувон ота уйига ҳам сиғмади. Кейин гоҳ у, гоҳ бу қариндошиникида бир ҳафта-ўн кун яшаб юрди. Ўғли катта бўлгани сайин амакию тоға, аммаю холаларнинг уйи эшиги ҳам улар учун қаттиқ ёпиладиган бўлиб қолди. Қариндош-уруғ, маҳалла-кўй икки хонали бўлса-да, уй солиб беришнинг иложини тополмади.

– Уйма-уй сарсон юриш, яқинларимнинг аччиқ гаплари жонимдан ўтиб кетди, – дейди Ургут туманида яшовчи О.Жўрақулова. – Шу йил қишда туманимиздаги Халқ қабулхонасига ёрдам сўраб бордим. Ўша ерда ҳали дардимни айтмай туриб, ҳолсизланиб йиқилдим. Кўзимни очсам, туман марказий шифохонасида ётибман. Ўзим қандай ҳолатдаман билмайману, боламни ўйлайман. Сардоржоним етим қолмасин, кун кўрмай ёшлиги хазон бўлмасин, деб кўзимдан ёш тинмайди. Туманимиз ҳокими ва бошқа раҳбарлар ҳолимдан хабар олиб туришди, зарур ёрдам кўрсатишди. Барака топишсин. Бир куни туман ҳокими келиб, “Опа, ўзингиз ва болангизнинг соғлиғини ўйланг, насиб этса, уй ҳам қуриб берамиз”, деганида кўнглимда умид учқуни пайдо бўлди, яшашга иштиёқим ошди. Мана, орадан 6-7 ой ўтиб, Мерганча маҳалласидан уч хонали уй беришди. Ҳокимлик ва ҳомийлар уйни жиҳозлаб, рўзғор буюмлари совға қилишди. Бугун янги уйимизда ҳовли тўйи ва ўғлимнинг суннат тўйини бирга нишонладик. Маҳалла яқинидаги тикувчилик цехига ишга жойлашдим ва энди уйнинг қолган тўловларини тўлашга ўзимда имконият бўлади. Бизнинг бошимизни силаб, ушалмас орзуимизни амалга оширган Президентимиздан, ҳукуматимиздан беҳад миннатдормиз.

Самарқанд вилоятида уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган 37 нафар фуқарога Ўзбекистон Президентининг совғаси – янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларни тантанали топшириш маросимида айтилган бундай дил изҳорларининг ҳар бирида одамларнинг бир неча йиллик орзу-армонлари рўёбидан бахтиёрлик, ёруғ кунларга ишонч ва шукроналик мужассам.

Кучли ижтимоий ҳимоя, кам таъминланган оилалар ва имконияти чекланган кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда ушбу стратегияни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга доир Давлат дастурида ҳам бу борада муҳим вазифалар белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилда уй-жойга эҳтиёжманд, имконияти чекланган 21 нафар хотин-қизга “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг Самарқанд вилояти ҳудудий филиали томонидан тикув машиналари берилиб, улар касаначи сифатида иш билан таъминланган эди. Айни пайтда уларнинг ҳар бирига янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойлар ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига уй-жой сўраб мурожаат қилган имконияти чекланган, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш мақсадида Самарқанд вилояти бўйича 16 фуқарога икки-уч хонали уйларнинг бошланғич тўлови давлатимиз томонидан тўлаб берилди.

– 2008 йилда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида турмуш ўртоғим вафот этгач, икки бола билан ёлғиз қолдим, – дейди Нарпай тумани Нарпай маҳалласида яшовчи Умида Эргашева. – Эримнинг уй-жойи бўлмагани учун отамнинг уйига кўчиб кетишга мажбур бўлгандим. Лекин тўрт хўжаликнинг битта тор ҳовлида яшаши оғир экан. Ҳар тонгда бир тилакни айтаман – ишқилиб бугун тинчгина, жанжалсиз ўтсин-да. Охири Халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Ҳокимлик, маҳалла шароитимизни ўрганиб, ўз хулосасини берди. Уч хонали уйнинг бошланғич тўлови бизга Президентимизнинг ёрдамлари бўлди. Қолган қисмини ўзим иш ҳақим ҳисобидан тўлаб бораман. Худога шукр, бугун барча шароитга эга уйга кўчиб ўтдик. Барчамизнинг, айниқса, болаларимнинг қувончи чексиз. “Президентимиз совға қилган уй бу”, дея қараб кўзимиз тўймайди. Энг муҳими, ўз уйимизда хотиржаммиз. Қизим ва ўғлим ҳам мактабга боради. Ўқиш билан бирга спорт тўгаракларига қатнайди. Уларни Ватанимизга муносиб инсонлар этиб тарбиялашга ваъда бераман.

Вилоятда ўтказилган меҳр-мурувват тадбирлари доирасида 700 нафардан ортиқ имконияти чекланган, ёрдамга муҳтож қишиларга ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси ва бошқа воситалар берилди.

– Ўн олти йилдан бери полиартрит хасталигидан азият чекаман, – дейди Пастдарғом туманида яшовчи М.Отажонова. – Ҳаракат қилиш йилдан-йилга оғир бўлиб бормоқда. Ногиронлик аравачасига эҳтиёжим бор эди. Бугун Самарқанд шаҳрига таклиф этишганда бу мосламани топширишлари хаёлимга ҳам келмаган эди. Раҳбарлар, вилоят жамоатчилиги вакилларининг табриклагани, дастурхон ёзиб, ҳол-аҳвол сўраганидан бошим кўкка етди. Илоҳим, халқпарвар Президентимиз омон бўлсин!

Самарқанд шаҳридаги Саховат уйида яшаётган кишилар ҳолидан ҳам хабар олинди. Улар учун дастурхон ёзилиб, кийим-кечак ва бошқа эсдалик совғалари берилди. Муассасада истиқомат қилаётган юртдошларимизга ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида замонавий музлаткич ва кондиционерлар совға қилинди. Самарқандлик таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирларда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев сўзга чиқди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
1 695






Все о погоде - Pogoda.uz