ЎзА Ўзбек

01.03.2018 09:14 Чоп этиш версияси

Косибнинг касбига барака кирди

Косибнинг касбига барака кирди Жиззах шаҳрининг эски шаҳар бозоридаги ҳунармандлар растасига Қўшоқбой устанинг тиккан пойафзалини ахтариб келувчилар кўп. Гарчи бозорда устанинг бир ўзи бўлмаса-да, у тиккан буюмни харидорлар яхши билади.

Қўшоқбой Жабборов Жиззах шаҳрининг Жиззахлик маҳалласидаги машҳур косиблар сулоласидан. Маҳалладошларининг айтишича, Жабборовларнинг етти авлоди косиб ўтган. Қўшоқбой ака 42 йилдан буён шу касб билан шуғулланади. 

5.JPG

Юзаки қараганда, бугун косибнинг касби касодга учрагандек туюлиши мумкин. Чунки ҳозирги даврда чарм-пойафзал саноатида катта ўзгаришлар юз берди. Жаҳон бозорини ўзининг энг замонавий пойафзаллари билан забт этган дунёга машҳур фирмалар пайдо бўлди.

Аммо ўз касбини санъат даражасига етказиб, бозорда ўрнини йўқотмай келаётган усталар ҳам бор. Жиззахнинг чекка маҳалласидаги хусусий дўконида одамларнинг буюртмасини бажариб келаётган Қўшоқбой ака пойафзал бозоридаги катта рақобатни енгиб келаётган косиблардан. У тиккан пойафзалларнинг ҳар доим ўз харидори бор. Уни доим ахтариб келишади, буюртма беришади, баъзан ойлаб кутишади ҳам. 

6.JPG

Бунинг боиси Қўшоқбой уста табиий чармдан бежирим, сифатли тикаётган туфлилар хорижнинг машҳур фирмалари брендларидан асло қолишмайди.

Илгари хусусий ҳунарманд сифатида фаолият кўрсатиб келган Қўшоқбой ака бугунги даврга ҳамқадам устахонасини кенгайтираётир. Фарзандлари, шогирдлари билан пойафзал ишлаб чиқарадиган “Бахтиёр-Комилжон” хусусий корхонасини ташкил этди. Устахонасига замонавий косибчилик ускуналари ўрнатиб, уни ишлаб чиқариш корхонасига айлантирди. 5 нафар уста меҳнат қилаётган корхонада ҳамма фаслларга мос оёқ кийимлар ҳамда ортопедик пойафзаллар тайёрланмоқда.

– Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имкониятларимизни кенгайтирди, – дейди Қ.Жабборов. – Ушбу ҳужжат асосида “Микрокредитбанк”нинг Жиззах шаҳар филиалидан 40 миллион сўм кредит олиб, устахонани замонавий дастгоҳлар билан жиҳозладик. Бу йил ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида янги лойиҳани амалга оширишга киришдик.

Уста янги лойиҳа асосида хориждан чармни пресслаш ҳамда чарм юзасига ишлов берувчи ускуналар келтириб ўрнатишга ҳаракат қилаётир. Бунинг учун яна 60 миллион сўм кредит олиш учун ҳужжатларни тайёрлаб қўйди. Устанинг айтишича, бу ишни амалга ошириши билан корхонада иш ўринлари сони 15 тага етади.

Вилоятда ҳунармандлик ва халқ амалий санъатини ривожлантиришда Жиззахлик маҳалласининг алоҳида ўрни бор. Маҳаллада анъанавий дурадгорлик, ёғоч ўймакорлиги, чилангарлик, бешикчилик, зардўзлик ва каштачилик каби ҳунардманлик турлари авлоддан-авлодга ўтиб яшаб келаётир. Жиззахлик чеварлар томонидан тикилган зар тўнлар, келинлар либослари, болалар безакли кийимлари юртимизнинг бошқа вилоятларида учрамайди.

Мамлакатимизда бу соҳанинг қўллаб-қувватланаётгани ҳунармандлик касбига барака киритмоқда. Эндиликда банк кредитлари олаётган тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириб, истеъмол бозорини тўлдиришга салмоқли улуш қўшмоқда.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
10 097