Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 18:32 Чоп этиш версияси

Коррупцияга қарши курашиш долзарб вазифа

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Олий ҳарбий божхона институтида “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш –коррупцияга қарши курашишнинг энг муҳим мезони” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, ўқув юртлари ва мазкур институтнинг профессор-ўқитувчилари, тингловчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М.Солиев ва бошқалар коррупцияга қарши курашиш – мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим воситаларидан бири эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтиришга, коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадларига хизмат қилмоқда.

Қонунда коррупция, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик, манфаатлар тўқнашуви каби ибораларнинг мазмуни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.

Қонун асосида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 февралдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар ўз мазмун моҳияти, мақсади билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг янги босқичини бошлаб берди.

Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича тадбирлар белгиланганлиги алоҳида қайд этилди.

Қонун нормаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида юқорида кўрсатилган Президентимиз қарори билан 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси таркиби тасдиқланди.

Давлат дастури 51 банддан иборат чора-тадбирларни қамраб олган. Унда коррупцияга бевосита ёки билвосита қарши қаратилган, унинг тизимли сабаблари ва шароитларини олдини олишга йўналтирилган 10 қонун, қатор қонуности ҳужжатлари, чора-тадбирлар режалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, туркум тарғибот тадбирларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Давлат божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда коррупцияга оид хуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Анжуманда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим ҳуқуқий база яратилгани таъкидланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, коррупция билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этишга оид масалалар юзасидан мазкур соҳадаги назариётчи ва амалиётчи мутахассислар томонидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
3 413






Все о погоде - Pogoda.uz