Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2017 18:00 Чоп этиш версияси

Коррупцияга қарши курашиш – долзарб вазифа

Андижонда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича фуқароларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини оширишга бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

– Коррупция глобал муаммолардан бири бўлиб, унга қарши курашиш бўйича кўплаб халқаро ҳужжатлар ишлаб чиқилган, – дейди Андижон вилояти прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Қаҳрамон Ниёзхўжаев. – Ушбу халқаро ҳужжатларнинг аксарияти мамлакатимизда ратификация қилинган, умуман, коррупция ва у билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш, унинг олдини олиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Хусусан, 2017 йил 4 январдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур қарор асосида “2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури” қабул қилиниб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилгани бу йўналишдаги ишларни изчил ва тизимли амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар”, “Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг фаолият йўналишлари ва асосий вазифалари”, “ОАВда коррупцияга қарши курашиш масалаларини ёритиш, журналистик текширувлар ўтказиш тамойиллари ва одоб-ахлоқ меъёрлари” сингари мавзуларда маърузалар тингланди.

– Коррупцияга қарши курашиш, бу борада жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситалари фаоллиги муҳим аҳамиятга эга, – дейди “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари бош муҳаррири Саидаҳмад Шукуров. – Ихтисослашган, ҳуқуқий мавзуда қалам тебратадиган журналист кадрларнинг билим ва малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб қайтарди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
5 440






Все о погоде - Pogoda.uz