Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2018 16:02 Чоп этиш версияси

Корпоратив бошқарувнинг муҳим омиллари

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан академия тингловчилари учун доимий равишда давлат ва жамоат бошқаруви соҳасидаги вазирлик, идоралар ва ташкилотларда турли мавзуларда интерактив машғулотлар, давра суҳбатлари ва амалиётлар ўтказилмоқда.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида “Ўзбекистонда корпоратив бошқарувнинг ривожланиши: шарт-шароитлар, тенденциялар ва истиқболлар” мавзуидаги давра суҳбати ҳам шундай мақсадда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари, Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси, “Тошкент” республика фонд биржаси ҳамда Давлат активларини бошқариш маркази вакиллари иштирок этган тадбирда қўмита раиси Р.Ғуломов ва бошқалар юртимизда корпоратив бошқарувнинг ривожланиши, хўжалик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув усулларининг жорий этилиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш амалий аҳамият касб этишини таъкидлади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида корпоратив бошқарувнинг замонавий стандарт ва усулларини жорий этиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорларнинг ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

– Ана шундай устувор вазифалардан келиб чиқиб, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилди, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Санжар Қурбоналиев. – Хусусан, бу борада халқаро тажрибалар ўрганилиб, 400 дан зиёд акциядорлик жамиятида Корпоратив бошқарув кодекси жорий қилинди. Кодексга асосан 293 акциядорлик жамиятида корпоратив бошқарув тизими баҳоланди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, улар орасида 32 та акциядорлик жамиятида ушбу кўрсаткич юқори, 244 тасида қониқарли, қолганлари паст ва қониқарсиздир. Бугунги тадбирда юртимизда корпоратив бошқарувни ривожлантириш жараёнидаги бу каби долзарб масалалар ечими ва уларни ҳал этиш чоралари ҳақида иштирокчиларга билим ва тушунча бериш жуда муҳим ҳисобланади.

Тадбирда таъкидланганидек, ўтган йил давомида 2 минг 67 нафар тингловчи Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг ўқув курсларида таълим олди. Улардан 202 нафари Европа менежмент ва технологиялар мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқув курсларида, 95 нафар фаол ва иқтидорли тингловчи Германиянинг етакчи компанияларида тажриба орттириш имконига эга бўлди.

– Бугун корпоратив бошқарувга оид муҳим ва долзарб мавзуларда маърузалар тингладик, – дейди академия тингловчиси Ў.Аҳроров. – Мавзуга доир интерактив машғулотнинг ўтказилиши ушбу соҳа бўйича билим ва кўникмамизни янада мустаҳкамлади. Унда корпоратив бошқарув тизимини амалиётда кенг жорий этиш, унинг аҳамияти, бу борада хориж тажрибаси ҳамда хўжалик жамиятлари ижроия органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари ҳақида маълумот, кўрсатма ва йўл-қўриқлар берилди. Бу ерда олган билим ва тажриба фаолиятимизни самарали ташкил этиш учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Тадбирда тингловчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
10 290