Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2017 16:00 Чоп этиш версияси

Корхонада кунига 200 тонна чиқинди қайта ишланади

Мамлакатимизда аҳоли пунктларининг санитария жиҳатдан тозалигини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, аҳоли турар жой мавзелари, кўп қаватли уйлар атрофида намунавий лойиҳалар асосида чиқинди тўплаш пунктлари ташкил этилиб, махсус контейнерлар ўрнатилгани атроф-муҳит ободлиги ва озодалигини таъминлашга хизмат қилаётир.

Ҳудудлардаги маиший чиқиндиларни ташиб кетишни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш соҳасида нафақат давлат ташкилотлари, балки хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳам муайян ишларни амалга оширмоқда.

Буни Навоий вилоятида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Илгарилари аҳоли хонадонларидан чиқариладиган турли маиший чиқиндиларни ташиб кетиш ишларини ташкил этиш, энг аввало, бундай чиқиндиларни тўплаш, утилизация қилиш ҳамда қайта ишлаш бўйича мукаммал тизим йўлга қўйилмаган эди. Натижада аҳоли пунктларидан узоқроқда жойлашган чиқиндилар тўпланадиган махсус полигонлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена меъёрларига тўлиқ жавоб бермас, бу ўз навбатида қўшни ҳудудларнинг санитария-эпидемиология ҳолатини ёмонлашишига олиб келарди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бундай муаммоларни бартараф этиш, чиқиндидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни тартибга солишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Навоий шаҳрида фаолият бошлаган “Бережливость” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси турли чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва қайта ишлашга ихтисослашган. Бу ерда кунига 200 тоннага яқин чиқиндини саралаб, қайта ишлаш имконияти мавжуд.

– Айни пайтга қадар шаҳар ҳудудидаги кўп қаватли уйлар атрофига махсус ерости чиқинди контейнерларини ўрнатдик, – дейди корхона директори ўринбосари Санжар Адизов. – Аҳоли томонидан чиқариладиган маиший чиқиндиларни саралаб, қайта ишлаш мақсадида тижорат банкидан олинган кредит маблағи ҳисобига 600 минг долларлик чиқиндиларни саралаш линиясини келтириб, ишга туширдик. Бу атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, чиқиндидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Айни пайтда корхонада 20 киши меҳнат қилмоқда. Лойиҳа тўла қувват билан ишга тушгач ишчилар сони 150 тага етади.

Корхонага 750 минг доллар маблағ эвазига замонавий махсус техникалар харид қилинди. Автопарк имкониятлари мамлакатимизда ишлаб чиқарилган техника воситалари билан кенгайтирилди.

Корхона томонидан яна бир янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Мактабгача таълим муассасаси ҳамда умумтаълим мактаблари учун мўлжалланган тўрт бўлмали махсус контейнерлар тайёрланиб, таълим муассасаларининг чиқинди йиғиш майдонига ўрнатилади. Мазкур ерости контейнерларининг афзаллиги шундаки, ҳар бир бўлма маълум турдаги чиқинди учун ажратилган бўлиб, бу ёш авлоднинг атроф-муҳит, табиатга оқилона муносабатда бўлиши, ҳар томонлама маданиятли бўлиб улғайишига хизмат қилади.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
4 388






Все о погоде - Pogoda.uz