Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.04.2017 15:01 Чоп этиш версияси

Контрафакт дисклар савдосига чек қўйилди

Бугунги глобаллашув даврида ёшларимизга турли ёт ғояларни тарғиб этишга уринаётган айрим кимсалар мўмай пул илинжида ҳаёсизлик, лоқайдлик, ваҳшийлик, бир сўз билан айтганда, ёвузликни тарғиб қилувчи дисклар савдоси билан шуғулланаётгани барчамизни сергак торттириши керак.

Ёшлар ўртасида учраётган иллатларнинг пайдо бўлиши ва илдиз отишида ноқонуний дисклар савдосининг кучли таъсири бор. Бундай қонунбузарликларнинг олдини олиш, киновидео маҳсулотларини ёзиш, ижарага бериш ва сотиш бўйича фаолиятни тартибга солиш мақсадида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 22 мартдаги “Киновидео маҳсулотларни ишлаб чиқариш, кўпайтириш, дубляж қилиш, сотиш ва уларнинг прокати бўйича фаолият турларини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда бу борадаги тартиб-қоидалар аниқ белгиланган. Шундай бўлса-да, жойларда ушбу фаолият тури бўйича кўплаб қонунбузарликлар содир этилаётгани таассуфлидир.

Мўмай даромад илинжида турли фильмлар, концерт дастурлари, клиплар ва бошқа материалларни яширин равишда кўпайтириб, пуллаётган ва қинғир йўллар орқали ноқонуний олиб ўтишга уринаётган “тадбиркор”лар муаллифлик ҳуқуқларини қўпол равишда бузиб, уларга жиддий зарар етказиш билан бир қаторда хорижнинг ур-йиқит, шовқин-суронли ва баъзида беҳаё фильмларини кенг тарқатиш орқали ёшларимиз маънавиятига жиддий хавф туғдирмоқда.

“Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майдаги қарори билан амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тасдиқланган. Мазкур рўйхатга мувофиқ, аудиовизуал асарларни, фонограммаларни ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, реализация қилиш, прокатга бериш билан шуғулланиш учун лицензия талаб этилади.

Амалдаги тартибларга мувофиқ, аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, ижарага бериш, шунингдек, фонограммаларни тайёрлаш бўйича фаолият турлари Интеллектуал мулк агентлиги ҳузуридаги эксперт комиссиясининг лицензиялари асосида юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига мувофиқ, аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг контрафакт нусхаларини сотиш савдо қоидаларининг бузилиши, деб ҳисобланади.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимиз божхоначилари томонидан доимий чора-тадбирлар олиб борилиб, сифатсиз, лицензияланмаган, контрафакт тарзда кўпайтирилган DVD ва СD дисклар сотилишининг олди олинмоқда.

Яқинда Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан олинган тезкор маълумотга асосан тегишли идоралар билан ҳамкорликда Шароф Рашидов тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида Шароф Рашидов тумани ҳудудида яшовчи Ж.Сагатов (исм-фамилия ўзгартирилган) хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ҳеч қандай ҳужжатларсиз МР-3 ва МР-4 форматдаги ҳар хил телесериал, бадиий ва жангари фильмлар, клип, концерт ҳамда қўшиқларни қўлбола усулда DVD ва CD дискларга ёзиб, сотиш учун тайёрлаб қўйилганлиги маълум бўлган.

Тезкор тадбир давомида хонадондан жами 3135 дона контрафакт DVD ва CD дисклар ҳамда уларни кўпайтириш учун ишлатилган компьютер жамланмалари ва ҳар хил рангли бўёқлар ашёвий далил сифатида олинган. Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан божхона текшируви ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2017 йилнинг ўтган даврида Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан аниқланган 29 ҳолатда салкам 42 миллион сўмлик товар-моддий бойликларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Нурилло Насриев, ЎзА
952






Все о погоде - Pogoda.uz