Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.11.2017 18:26 Чоп этиш версияси

Конституциясининг яратилиши тарихига бағишланган архив ҳужжатлари кўргазмаси очилди

Конституциясининг яратилиши тарихига бағишланган архив ҳужжатлари кўргазмаси очилди Ўзбекистон тарихи давлат музейида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихига бағишланган архив ҳужжатлари кўргазмаси очилди.

Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги, "Ўзбеккино" миллий агентлиги, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамкорлигида ташкил этилди.

Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, депутатлар, судьялар, архив ходимлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари С.Ортиқова, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси Б.Мирбобоев ва бошқалар мамлакатимиз қўлга киритган барча ютуқ ва марралар пойдевори Конституциямиз эканлигини алоҳида таъкидлади. Бош қомусимиз юртимиз равнақини белгиловчи, унинг мустақиллигини мустаҳкамлаб, халқимизнинг тинч-осуда, фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим асосдир.

Мазкур кўргазма Конституциянинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини тарғиб этишга, унинг яратилиш тарихи ҳақида фуқаролар, айниқса, ёшларга кенгроқ тушунча бериш, уларнинг қалбида Ватанга садоқат, Бош қомусимиз ва қонунларимизга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий онгини юксалтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

16.JPG

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этилган кўргазма экспозициясида Бош қомусимиз тарихига оид ҳужжатларнинг асл нусхалари, Конституция лойиҳасини тайёрлаш жараёнига оид тарихий ҳужжатлар, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан Конституция лойиҳаси матнларига қўлёзма тарзида киритган тузатишлари жой олган. Бундан ташқари вазирликлар, давлат қўмиталари, суд ва прокуратура органлари, ёзувчилар, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, имом-хатиблар томонидан Асосий қонун лойиҳаси юзасидан йўллаган таклиф ва мулоҳазалари ҳамда халқимизнинг Конституция лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнидаги иштирокига оид материаллар жойлаштирилган. Кўргазмада Конституциямизнинг ўзбек, рус ва инглиз ҳамда бошқа тиллардаги илк босма матнлари нусхалари ҳам намойиш этилмоқда.

Тадбирда Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди, Конституциямизнинг қабул қилиниши тарихига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

– Бу кўргазма орқали Бош қомусимизнинг яратилиш тарихи ҳақида маълумотга эга бўлиб, ушбу жараёнда бевосита иштирок этган инсонларнинг сўзларини тингладик, – дейди Тошкент давлат юридик университети талабаси Бунёд Қодиров. – Конституция ҳуқуқий демократик давлатнинг пойдеворидир. Шундай экан, биз ёшлар ҳуқуқий билимларимизни янада бойитиб, Бош қомусимизни мукаммал ўрганишимиз, ҳаётимиз ва иш фаолиятимизни ушбу муҳим хужжат билан чамбарчас боғлиқ ҳолда олиб боришимиз лозим.

Гўзал Сатторова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
3 404






Все о погоде - Pogoda.uz