ЎзА Ўзбек

06.12.2017 12:24 Чоп этиш версияси

Конституция – ҳуқуқ ва манфаатларимиз кафолати

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки ҳамкорлигида “Конституция – ҳуқуқ ва манфаатларимиз кафолати” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Бош қомусимизнинг 25 йиллигига бағишланган тадбирда мутасадди ташкилотлар вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқшунос олимлар қатнашди.

Давра суҳбатида Конституция мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тараққиётининг муҳим қонуний асоси, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли кафолати бўлиб, унда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, адолатли жамият барпо этиш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлаш ғоялари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган барча тамойиллари ўз ифодасини топганлиги ҳақида сўз юритилди. Конституциямизни чуқур ўрганиш, унда белгиланган қоида ва тамойилларни ҳаётга татбиқ этишда ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши лозимлиги таъкидланди.

– Конституциямизда инсон ҳақ-ҳуқуқлари энг олий қадриятлиги, халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи эканлиги белгилаб қўйилган, – дейди Ўзбекистон Либерал-демократик партияси масъул ходими Насим Алимов. – Бош қомусимиз Ватанимиз эришаётган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётган барча ютуқлар, халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай, фаровонликда ва эркин яшаши учун ҳуқуқий замин яратмоқда.

Гулноза Бобоева, ЎзА
7 668