Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2017 12:20 Чоп этиш версияси

Коммунал хизмат сифати ошади

Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Сувсоз” давлат унитар корхонаси, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси ҳамда «Тошиссиққуввати» ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонаси ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида инсон манфаатларини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам. Коммунал соҳа ҳар бир фуқарога дахлдор бўлган муҳим масалаларни ўз ичига олади. Бу борада ҳаётга татбиқ этилаётган туб ўзгаришлар, биринчи навбатда, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган.

Тошкент шаҳри сув ва канализация тизимлари ривожланган шаҳарлардан биридир. Бугунги кунда пойтахт аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 99 фоизни, оқова сув тармоқларига уланганлик даражаси 90 фоизни ташкил этади.

“2017-2021 йилларда Тошкент шаҳрининг ичимлик ва оқова сув тизими объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш” бўйича дастур шакллантирилган.

Матбуот анжуманида аҳоли учун қулай яшаш ва ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, йўл ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, электр ва иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

– Ташкилотимиз томонидан 2016 йилда кўп қаватли уй-жой фондидаги 4 минг 280 кўп қаватли уйнинг том қисми мукаммал таъмирланди, – дейди Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ойбек Бекмирзаев. – Шунингдек, 5 минг 591 кўп қаватли уйнинг ертўла қисмида ҳамда 8 минг 958 кириш йўлагида таъмирлаш ишлари бажарилиб, 490 янги болалар майдончаси барпо этилди. 1 минг 181 болалар майдончаси, 1 минг 678 кўп қаватли уйнинг олди қисмидаги йўлаклар таъмирланди. Шу билан бирга 4 минг 914 видеокузатув камераси ўрнатилди.

Жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани муносабати билан соҳадаги мавжуд муаммоларни ижобий ҳал қилиш мақсадида барча коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарида ва 11 туманда 73 “Фуқаролар қабулхонаси” ташкил қилинди.

– Аҳолига сифатли ва хавфсиз иссиқлик энергиясини етказиб бермоқдамиз, – дейди «Тошиссиққуввати» ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонаси бош директори Баҳром Қурбонбеков. – 9 йирик иссиқлик маркази ва 200 маҳаллий қозонхонада ишлаб чиқарилаётган иссиқлик энергияси иссиқлик тармоқлари орқали истеъмолчиларга узлуксиз етказиб берилмоқда. Бунинг самарасида 9 минг 200 дан ортиқ турар жой, 485 умумтаълим мактаби, 586 даволаш, 644 мактабгача таълим ва 659 олий ҳамда ўрта махсус таълим муассасаси, 1 минг 640 дан ортиқ бошқа объектлар иссиқлик билан таъминланмоқда. Аҳолига янада самарали хизмат кўрсатиш мақсадида йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Соҳа мутахассислари томонидан 2017 йилда амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
4 760






Все о погоде - Pogoda.uz