ЎзА Ўзбек

15.02.2018 14:00 Чоп этиш версияси

Когонда чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш заводи иш бошлади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида янги бунёдкорлик лойиҳалари билан танишар экан, уларни такомиллаштириш ва қисқа муддатларда амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди.

Ўтган қарийб бир йил давомида мазкур лойиҳалар ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Когон туманида чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш заводи иш бошлади.

Корхонага тумандаги фойдаланилмай ётган бўш бино ва иншоотлар инвестиция киритиш мажбурияти билан "ноль" қийматда берилди. Шартномага кўра, 1,6 миллиард сўм маблағ сарфланиб, ёрдамчи бинолар таъмирланди. 5,5 миллиард сўмлик инвестиция киритилиб, заводнинг асосий ишлаб чиқариш бинолари қурилди. 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва унинг вилоят филиали томонидан ажратилган 6 миллион АҚШ долларидан зиёд кредит ҳисобидан лойиҳанинг биринчи босқичи ниҳоясига етказилди. Хитойда ишлаб чиқарилган чиқиндиларни саралаш линияси ўрнатилди. У бир кеча-кундузда 450 тоннагача чиқиндини қабул қилиш қувватига эга. Заводнинг чиқиндиларни саралаш линияси, аниқроғи, корхонасида конвейер асосида дастлаб оғир жисмлар – металл, тош ва шиша, сўнгра яроқсиз резина ва автошиналар, ёғоч-тахта бўлаклари, шох-шабба ва хазон, макалатура, қурилиш чиқиндилари, пластмасса идишлар, яроқсиз ва қийқим матолар сараланади. Барча жараён тўлиқ ва ярим тўлиқ автоматлаштирилган тарзда бошқарилади.

Чиқиндилардан тайёрланаётган иситиш қозонхоналарида фойдаланиладиган муқобил пиролиз ёқилғиси, брикет, синтетик тола, қоғоз картон, тўқимачилик матоси, пишган ғишт, биогумус ва бошқа маҳсулотлар харидоргир. Ҳадемай, мато қийқимлари ва яроқсиз матолардан тўқимачилик газламаси ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади.

– Фаолияти кўпқиррали бўлган лойиҳанинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва экологик аҳамияти ҳам катта, – дейди “Аҳолитранс” масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Соҳиб Кенжаев. – У Бухоро ва Когон шаҳарлари, Бухоро, Когон туманларида ҳосил бўладиган турли маиший чиқиндиларни қайта ишлаш орқали мазкур ҳудудлардаги атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, санитария ҳолатини яхшилашга хизмат қилади. Ҳозирги пайтда чиқиндиларни ташиш хизмати, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш цехлари ва бошқа ёрдамчи бўлинмаларда 350 дан зиёд киши меҳнат қилмоқда.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
11 511