Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 17:24 Чоп этиш версияси

Клавихони ҳайратлантирган боғлар

Яхшидан боғ қолади. Халқимиз қадим-қадимдан ободончилик ва бунёдкорликка интилиб яшаган. Буюк аждодимиз Амир Темур барпо этган улкан боғу сайилгоҳлар бетакрор услуби, маҳобати ва гўзаллиги билан ўз даврида катта шуҳрат қозонгани, бу миллий қадриятимиз бугун ҳам ҳаётимизда бардавом экани бунинг исботидир.

Соҳибқироннинг Самарқанд атрофларидаги хушманзара жойларда барпо эттирган катта истироҳат боғлари серҳосил ва хуштаъм мевалар етиштириш, инсонлар учун маданий ҳордиқ чиқариш, табиат билан уйғун яшаш, гўзалликдан баҳра олиш маскани бўлиб келган.

Амир Темур боғлари икки хил бўлган: чорбоғлар ва табиий боғлар. Чорбоғлар асосан тўртбурчак шаклда бўлиб, уларни тенг тўрт қисмга ажратиб турадиган ариқлар ўтказилган. Атрофидаги баланд деворларнинг ҳар бурчагида минора бўлган. Марказда кўшк жойлашган.

Табиий дарахтзор ва чакалаклар бағрида барпо этилган боғлар ҳукмдор шикор (ов) қилиши учун мўлжалланган. Уларнинг асосий қисми табиий ҳолда сақланган. Кичик бир қисмида дам олиш учун сарой, кўшк ва чодирлар қурилган, ҳовузлар қазилиб, фавворалар ўрнатилган. Бу табиий боғлар ўз давридаги қўриқхоналар бўлиб, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ниҳоятда бойлиги билан ажралиб турган.

XV аср бошида Ғарбий Европанинг энг чекка ўлкаси Испания қироли Генрих III де Трастамара номидан 1404 йили Самарқандга Амир Темур ҳузурига элчи бўлиб келган Руи Гонсалес де Клавихо “Самарқандга, Амир Темур саройига саёҳат кундалиги” асарида бу ҳақда қимматли маълумотлар ёзиб қолдирган.

Клавихо Самарқанд атрофида Амир Темур барпо қилдирган кўплаб боғларни кўриб ҳайратга тушган: "Шаҳар атрофида боғлар ва узумзорлар шунчалик кўпки, у ерга етиб келган киши гўёки ўртасида шаҳар жойлашган баланд дарахтлар ўсиб ётган бир ўрмонга яқинлашгандай бўлади, улар баъзи жойларда бир-икки лига (5-10 километр) масофагача ястанган". Испан сайёҳи яна Амир Темур катта майдонларда махсус узумзорлар барпо этганини, шаҳар ташқарисида кўпроқ аҳоли истиқомат қилиши, шаҳар атрофидаги боғларда ҳашаматли саройлар қурилганини таъкидлаган. Унинг ёзишича, шаҳар ва боғлар орқали жуда кўп ариқлар ўтказилган.

Самарқанд шаҳри яқин атрофида Амир Темур ва унинг авлодлари барпо этган ўндан ортиқ кўркам боғлар маълум: Боғи Дилкушо, Боғи Чинор, Боғи Беҳишт, Боғи Булдо, Боғи Амирзода Шоҳрух, Боғи Зоғон, Боғи Баланд, Боғи Амирзода Улуғбек, Боғи Майдон...

Клавихо ўз «Кундаликлари»да саккиз боғ ҳақида сўз юритиб, улардан тўрттасининг номини эслатади: Талисия ёки Кальбет – Гулбоғ (Боғи Давлатобод), Диликаха – Боғи Дилкушо, Байгинар – Боғи Чинор, Багино – Боғи Нав. Мазкур чорбоғларда испан элчиси расман меҳмон бўлган. Чунки улар Амир Темур боғлари ичида энг ҳашаматлиси саналган.

“Давлатобод боғи. Пахса девор билан ўралган, узунлиги бир лига (5572 метр). Унда турли мевали дарахтлар, жумладан, цитронлар ва лимонлар ўсарди. Олтита катта ҳовуз бор эди. Ўртада боғнинг бошидан охиригача шарқираб ариқ оқарди. Ҳовузлар орасидан кенг хиёбонлар қилинган, уларнинг икки томонида виқор билан қад кўтариб турган улкан дарахтлар соя солиб турарди. Мазкур хиёбонлардан бутун боғ бўйлаб катта-кичик йўлкалар мавжуд ва уларда юриб боғда сайр қилса бўлади», деб қайд этади Клавихо.

Унинг ёзишича, боғ ўртасида тупроқ тўкиб ҳосил қилинган ясси тепалик устида кўркам кўшк барпо этилган. Кўшк жойлашган тепалик айланасига сув тўлдирилган ҳандақ билан ўралган. Унга махсус ариқдан узлуксиз сув қуйилиб турган. Кўшк жойлашган тепаликка ўтиш учун ҳандақ устида иккита кўприк барпо этилган. Кўприклардан дарвозаларга борилиб, сўнг зиналар орқали тепаликка чиқилган. Бу билан мазкур кўшк мустаҳкам ҳимояга олинган.

"Боғда оҳулар ва кўплаб товуслар сайр қиларди, уларни бу ерга сеньор (Темурбек) буйруғига кўра келтирганлар. Боғдан майдони (ана шу) боғ ҳудудига тенг келадиган узумзорга ўтилади, у ҳам пахса девор билан ўралган. Девор бўйлаб экилган дарахтлар баланд қад кўтарган, жуда кўркам", деб ёзади испан элчиси.

Руи Гонсалес де Клавихо Боғи Беҳишт «жуда катта боғ» экани, унинг «баланд ва ҳашаматли дарвозаси пишиқ ғиштдан қурилган»и, «турли нақшлар, лазур ва зарҳал билан зийнатланган»ини ёзади: «Унда кўплаб мевали ва салқин соя берадиган дарахтлар ўсади, ёғоч тўсиқлар билан ажратилган, одамлар сайр қиладиган хиёбонлар ва йўлкалар бор. Боғда жуда кўп чодирлар қурилган ва ранг-баранг гиламлар ҳамда каштали ипак матолардан соябонлар ўрнатилган».

Испан элчиси берган маълумотларга кўра, боғ ўртасида ҳашаматли, чиройли бино қад кўтарган, кўркам зийнатланган. Унинг саҳни ва деворларига кошин қопланган.

«Бинонинг ўзида учта айвон бор. Энг каттаси кираверишда жойлашган арксимон қилиб қурилган, унда олтин суви юритилган катта кумуш стол бўлиб, унинг баландлиги одам бўйи, эни – уч тирсак (узунлигича) келади, унинг олдида – ўрин, (устига) кимхоб ва турли ипак матолардан тайёрланган зардўзи тўшамчилар қават-қават қилиб солинган. Бу ерда сеньор (Темурбек) ўтирарди. Деворларга пушти рангдаги ипак пардалар илинган. Бу пардалар олтин қопланган зумрад марварид ва бошқа (қимматбаҳо) тошлар ўрнатилган қадама безаклар билан зийнатланган. (Устидан) эни бир қарич чамасидаги ипак матолар тепадан пастга осилган, худди пардалар мисоли безатилган. Мазкур матолар учида ранг-баранг ипак попуклар осилиб турарди. Шабада эсганда улар ҳар томонга тебраниб турар ва жуда чиройли (манзара) ҳосил қиларди. Арксимон қилиб қурилган бу айвонга кираверишдаги найзасимон тиргаклар ҳам худди шундай зийнатланган эди; уларга ергача осилиб турган ипак арқонларга катта-катта попуклар осилган», деб ёзади Клавихо.

Унинг қайд этишича, бошқа айвонлар ўзгача зеб берилган пардалар билан шинам қилинган. Бу уйнинг ўртасида, эшик олдида олтиндан ясалган тўрт оёқли иккита стол бўлган. Эътиборлиси, стол ва унинг оёқлари яхлит бир бутун қуйма ҳолда тайёрланган. Уларнинг устига етти олтин кўза қўйилган, иккитасига ташқи томонига йирик марварид, зумрад ва фируза (тошлар) ўйиб ўрнатилган, ҳар бирининг жўмракчаси ёни ёқутдан ишланган.

Яна бир муҳим жиҳати – бу боғлар тақрибий шакллантирилмай, пухта ўйланган, айнан Амир Темурнинг меъмору боғбонлар билан тузган тарҳ-режалари асосида яратилганида. Бунда нафақат зироатчилик маданияти, балки бугунги тил билан айтганда, ландшафт дизайнининг илк кўринишлари намоён бўлади. Хусусан, Соҳибқирон боғларидаги ўсимликлар тури ва навларини танлашда бир-биридан кейин очиладиган мавсумий гуллар, манзарали ва мевали дарахтларни аралаш экишга катта аҳамият қаратилган. Яъни бу сайилгоҳлар имкон қадар кўпроқ мавсум яшнаб, кўзларни қувнатиб турган. Шу боис улар олис Европадан келган сайёҳларни лол қолдирган.

Буларнинг барчаси бир ҳақиқатга етаклайди: халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти ҳамиша инсоният учун юксак ибрат намунаси бўлиб келган. Аждодларимиз қолдирган бундай бой мерос истиқлол йилларида янги давр авлодлари салоҳияти билан янгича маъно-мазмун касб этиб, янада бойимоқда.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизнинг барча жойида аҳолининг мазмунли дам олиши ва ҳордиқ чиқариши учун янги маданият ва истироҳат боғлари барпо этилмоқда, мавжудлари реконструкция қилинаётир. Бунда болаларнинг спорт майдончалари, аттракционлар, сув ҳавзалари, рақс ва кўчма цирк учун мўлжалланган майдончалар, амфитеатр, шинам ўриндиқлар, савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари қурилаётгани натижасида мазкур истироҳат масканлари яхлит мажмуа сифатида намоён бўлаётир.

Уларнинг янада кўркам ва файзли бўлиши, замонавий аттракционлар билан бойитилиши, аввало, оилавий сайр ва сайил қилиш, фарзандларга қувонч улашиш, пировардида, ҳар бир юртдошимиз ҳаётига янада мазмун ва завқ бағишлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилади. Бунда аждодларимизнинг, хусусан, Соҳибқирон Амир Темурнинг бой мероси ўзига хос бунёдкорлик мактаби бўлиши шубҳасиз. Зотан, мамлакатимизнинг ҳар бир масканида қадим ва буюк тарихимизнинг барҳаёт нафаси кезиб юриши халқимизни теран томирларга таяниб, ўз тарих саҳифаларини ёзиш, ҳаёт мазмунини англаб етиш, бунёдкорлик завқи ва қувончи билан яшашдек катта мақсадларга ундайди.

Омонулло Бўриев,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик
институти катта илмий ходими,
тарих фанлари номзоди.

ЎзА
3 597






Все о погоде - Pogoda.uz