Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 19:57 Чоп этиш версияси

Кийиниш ва муомала маданияти

Мамлакатимизда қизларни юксак одоб-ахлоқ тамойиллари асосида тарбиялаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш, кийиниш ва муомала маданиятини юксалтириш, онги ва қалбини ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, оилавий ҳаётга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Бухорода “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилган “Ёш оилалар ва қизлар” биринчи республика форуми тадбирларида шу хусусида сўз юритилди.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, турли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир “Мен ҳам етакчи бўламан” мавзусидаги учрашув билан бошланди. Депутатлар, раҳбар аёллар, ижтимоий фаол, шунингдек, уюшмаган қизлар иштирок этган учрашувда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожида хотин-қизларнинг муносиб ўрни борлиги алоҳида таъкидланди.

Бухоро вилоят, туман ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларига 80 дан зиёд хотин-қиз депутат этиб сайланган. Маҳаллий ҳокимият бошқаруви органлари, турли давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари орасида юзлаб аёллар фаолият юритмоқда. Уларнинг тажрибасини оммалаштириш қизларнинг ижтимоий фаоллиги ва дахлдорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Тадбирда шу мақсадга қаратилган лойиҳалар самарадорлигини янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Форум тадбирлари орасида “Таълим ва фан” мавзусидаги ёш олима хотин-қизлар иштирокидаги илмий-амалий анжуман айниқса қизиқарли ўтди. “Бухоро китоб олами” мажмуасида ташкил этилган маърифий тадбирда ёш ижодкорлар ўзларининг илк асарлари тақдимотини ўтказди.

– Юртимизда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Гўзал Рўзиева. – Ўтган йили “Баҳор яқин” деб номланган илк шеърий тўпламим Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 20 минг нусхада чоп этилди.

Тадбир доирасида ўтказилган "Ким нимага қодир?” лойиҳасида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, касаначиликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Унда доимий иш ўрнига эга бўлмаган 60 дан зиёд хотин-қиз учун тикувчилик, миллий ҳунармандлик, оила саломатлиги каби ўнга яқин йўналишда маҳорат дарслари ўтказилди.

– Мен элита пардалар тикишга қизиқаман, – дейди Олот туманидан Ҳамида Файзиева. – Маҳорат дарсида иштирок этгач, шу йўналишда ҳунарли бўлишга қатъий қарор қилдим. Тикувчилик сирларини янада пухта ўрганиб, ўз хусусий тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўяман.

“Соғлом турмуш тарзи” акциясида соғлом турмуш тарзига риоя қилишнинг асосий қоидалари, жумладан, кун тартибини режалаштириш, тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланиш, зарарли одатлардан халос бўлиш усуллари, шахсий гигиена, тиббий маданият бўйича кенг тушунчалар берилди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
4 057






Все о погоде - Pogoda.uz