Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2017 18:11 Чоп этиш версияси

Китобсевар ёшлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ёшларда китобхонлик кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, йигит-қизларда ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларига қизиқиш уйғотиш, уларни бадиий адабиётга, китобга ошно қилиб камолга етказиш борасида Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Университет талабалари ўртасида ташкил этилган «Энг фаол билимдон китобхонлар» кўрик-танлови ҳам айни шу мақсадларга хизмат қилади.

Танловнинг якуний босқичи ҳамда ғолибларни тақдирлаш муносабати билан ташкил этилган тадбирда университет ректори Б.Ходиев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида навқирон авлод маънавиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатларда ўғил-қизларнинг китобга бўлган меҳрини янада кучайтириш, мутолаа маданиятини оширишга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

«Энг фаол билимдон китобхонлар» кўрик-танлови талаба-ёшларни Ватанимиз, халқимиз, миллий кадриятларимиз, тарихий-маънавий меросимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашга, уларнинг дунёқараши, фикрлаш доирасини кенгайтириш, ижодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Кўрик-танлов жорий йилнинг февраль ойида бошланган. Танловда қатнашган университетнинг тўрт мингдан зиёд талаба-ёшлари ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара асарларини ўқиб-ўрганди.

Танловда талабалар гуруҳларга ажралган ҳолда ўзлари танлаган бадиий асарни ўқиб, унинг мазмуни, муаллифи ҳақида маълумот берди. Ундан лавҳалар, парча ёки монологлар айтди. Бадиий адабиёт мавзусига оид расмлар, видеоролик ва мусиқалар, асар бўйича кичик саҳна кўриниши намойиш этди.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражаси, жамоа аъзоларининг нотиқлик санъати ва гуруҳларда ҳамкорликда ишлаш кўникмасининг шаклланганлиги даражаси баҳолаб борилди. Танловда ғолиб деб топилган жамоалар университет раҳбарияти ва ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом, фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирланди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
4 554






Все о погоде - Pogoda.uz