Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 14:50 Чоп этиш версияси

Китоблар эзгуликка чорлайди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида "Китоблар эзгуликка чорлайди" деб номланган адабий викторина бўлиб ўтди.

Унда Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг китобхонликка оид билимлари синовдан ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда болаларнинг мутолаага, яхши китобга бўлган меҳрини янада кучайтириш, мустақил ўқишга оид кўникмаларини шакллантириш ва мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мактаб ўқувчиларини китобга янада яқинлаштириш, уларнинг бадиий асарга бўлган иштиёқи, ихлоси ва ҳурматини ошириш, мамлакатимиз нашриётларида чоп этилаётган энг янги болалар адабиёти билан таништиришга оид кўплаб маърифий лойиҳаларни амалга оширмоқда. “INFOLIB” Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги, турли ижодий танловлар, адабий викториналар, ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, китоб кўргазмалари ўғил-қизлар китобхонлигини юксалтиришдек мақсадларга хизмат қилмоқда.

– Мен Худойберди Тўхтабоев, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджон сингари севимли адиб ва шоирларимизнинг китобларини доимий ўқиб бораман, – дейди Шайхонтоҳур туманидаги 10-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Камрон Эркаев. – Китоблар Ватанни кўз қорачиғидек асрашга, тинч ҳаётимизни, ота-онамиз, мактабимиз, маҳалламизнинг қадрига етишга, катталарни ҳурмат қилишга, меҳнатсеварлик, одобга ўргатади. Китоб қанчалик қимматли дўст эканини ушбу кутубхона, ундаги имкониятлар орқали яна бир бор тушуниб етдим.

Адабий викторинада ўқувчиларнинг миллий ва жаҳон адабиёти, болалар ёзувчи ва шоирларининг ижодига оид билимлари синовдан ўтказилди. Интеллектуал беллашувда фаол қатнашган болаларга совғалар топширилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
3 435






Все о погоде - Pogoda.uz