Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2017 13:58 Чоп этиш версияси

Китобхонлик саодатга элтади

Республика Маънавият тарғибот маркази Сурхондарё вилояти бўлими ва “Сурхон ёшлари” вилоят газетаси ҳамкорлигида Бойсун туманидаги 28-умумтаълим мактабида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир шундай номланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда маънавият тарғиботчилари, Пулҳоким қишлоғи жамоатчилиги, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирок этди.

Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Ф.Шарипов ва бошқалар мамлакатимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларнинг китоб мутолаасига иштиёқини ошириш, китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билимли, юксак маънавиятли авлодни тарбиялашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Ёшларда китобга меҳрни кучайтириш учун мавжуд кутубхоналарни ижтимоий-сиёсий, бадиий ва болалар адабиётлари билан янада бойитиш, кўпроқ китобхонлик кечалари ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди. “Сурхон ёшлари” вилоят газетаси бош муҳаррири, шоир Исроил Шомиров ўзи ўқиган мазкур умумтаълим мактаби кутубхонасига 226 номдаги 500 дона бадиий, ижтимоий-сиёсий, илмий-оммабоп китоб совға қилди.

– Таълим муассасамизда 462 ўғил-қиз замонавий шароитларда таҳсил олмоқда, – дейди Бойсун туманидаги 28-умумтаълим мактаби директори Эргаш Шукуров. – Ўқувчиларимиз билимлар беллашуви, турли танлов ва спорт мусобақаларининг туман, вилоят босқичларида совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Бугунги тадбир уларнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилган бўлса, совға қилинган ранг-баранг китоблар адабиёт тўгараги фаолиятини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда ҳаваскор ёшлар ўз ижодидан намуналар ўқиди, куй-қўшиқлар янгради.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 610






Все о погоде - Pogoda.uz