Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2017 15:01 Чоп этиш версияси

“Kitob olami” маънавий-маърифий савдо мажмуасида янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди

Тошкент шаҳридаги “Kitob olami” маънавий-маърифий савдо мажмуасида филология фанлари номзоди Раҳимбой Жуманиёзовнинг “Маънавият ва мулоқот мезонлари” мавзуидаги туркум китоблари ва мультимедиа маҳсулотлари тақдимоти бўлиб ўтди.

“Kitob olami” маънавий-маърифий савдо мажмуаси, “Нотиқлик” нодавлат таълим муассасаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирга кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳоли ва ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Адабиётшунос Раҳимбой Жуманиёзов илмий изланишлари, нотиқлик санъати, матбуот ва телевидениедаги фаолияти билан халқимиз назарига тушган. «Эски ўзбек ёзуви», «Алифбо сабоқлари», «Ҳарфлар гулшани», «Халқ ижоди – ҳақ ижод» каби йигирмадан ортиқ китоб муаллифи бўлган ижодкор айни пайтда Тошкент вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида фаолият кўрсатаётир.

– Мазкур тадбир муаллифнинг 2015-2017 йилларда ёзилган “Дил – қулф, тил – калит”, “Таълим, тарбия, тафаккур, тараққиёт”, “Муомала маданияти”, “Нотиқлик санъати”, “Маънавият тарғиботи”, “Тошкентдан гапирамиз” китоблари, шунингдек, “Сиз нотиқ бўлишни истайсизми?” ва “Ватан ва халқ мангу қолади” мультимедиа маҳсулотлари тақдимотига бағишланди, – дейди тадбир иштирокчиси Л.Раҳматов. – Бу асарлар нафақат тилшунослар, талабалар ва мутахассислар, ёш телебошловчилар ва журналистлар учун, балки кенг китобхонларга мўлжаллангани билан эътиборлидир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
1 995






Все о погоде - Pogoda.uz