Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2018 11:45 Чоп этиш версияси

Китоб ўқиган ватанпарвар бўлиб улғаяди

Китоб ўқиган ватанпарвар бўлиб улғаяди Фарғонада “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари ҳамда ҳарбий хизматчилар ўртасида “Ёш китобхон” кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, Ўзбекистон халқ шоири И.Мирзаалиев ва бошқалар мамлакатимизда ёшларни китобга ошно қилиш, китоб мутолааси ёрдамида уларни ёт ғоялар ва турли иллатлар таъсиридан асраш, эртамиз эгаларини ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

5.JPG

Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси доирасида ташкил этилган мазкур танлов ёшлар ва ҳарбий хизматчиларнинг китобга қизиқишини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Фарғона шаҳридаги “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари ҳамда Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар турли шартлар бўйича ўз билимини намойиш этди.

– Китоб инсоннинг энг ишончли дўстидир, – дейди танлов ғолиби, “Темурбеклар мактаби” ўқувчиси А.Юсупов. – Ватан ҳимоячиси бўлиш учун ҳам кўпроқ китоб ўқиш, дунёни ўрганиш керак. Мен ҳам ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини севиб ўқийман. Чунки улар бизни ватанпарварликка, меҳнатсеварликка, одоб ва қатъиятга ўргатади.

Ғолибларга ташкилотчилар томонидан китоблар жамланмаси совға қилинди.

8.JPG

9.JPG

14.JPG

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА
2 881