Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.03.2018 18:27 Чоп этиш версияси

Кичик саноат зоналарида Президент қарорлари ижроси таъминланганми?

Кичик саноат зоналарида Президент қарорлари ижроси таъминланганми? Тошкент шаҳрида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган 8 кичик саноат зонаси фаолият юритмоқда. Булар: Мирзо Улуғбек, Олмазор, Миробод, Чилонзор, Бектемир, Яккасарой, Юнусобод ва Сергели кичик саноат зоналари.

Уларни ташкил этишдан асосий мақсад нима эди? Бугунги фаолияти қандай, кўзланган мақсадга эришилаяптими? Кичик саноат зоналарида Президент қарорлари ижроси таъминланмоқдами ёки йўқ?

ЎзА мухбири бу саволларга Бектемир кичик саноат зонаси фаолияти мисолида жавоб излади.

* * * 

Тошкент шаҳри туманларида йирик корхоналарнинг фойдаланилмай турган, қаровсиз ёки самарасиз ишлаб турган бинолари негизида кичик саноат зоналари ташкил этилди. Мақсад ўзига хос имконият ва имтиёзлар майдони бўлган ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга шароит яратиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш, шу орқали янги иш ўринлари яратиш эди.

Кичик саноат зоналарида тадбиркорлар учун бир қатор имтиёзлар мавжуд. Булар нималарда намоён бўлади?

2.JPG

Президентимизнинг 2017 йил 18 майдаги “Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида КСЗ ҳудудидаги ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкалари тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижарага берилиши, бунда имтиёзли ставкалар қўлланилиши белгилаб қўйилган. Яъни, тадбиркор ижарага олган майдонда давлат кўчмас мулкидан фойдаланиш учун ижара тўловининг энг кам ставкасини тўлайди. “Бектемир кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси” давлат унитар корхонасидан маълум қилинишича, тадбиркорлар 1 квадрат метр ишлаб чиқариш майдони учун 1 йилда 4 минг 600 сўм тўлайди. Маълумотларга кўра, КСЗдан ташқарида бу нарх 3-4 баробар қиммат.

Кичик саноат зоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилишда кўмаклашиш мақсадида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ваколатхонаси, “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказ фаолияти йўлга қўйилган, мини-банклар хизмат кўрсатмоқда.

4.JPG

Шунингдек, КСЗда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари икки йил муддатга юридик шахсларга солинадиган мулк ва фойда, ягона солиқ тўловларидан озод этилади. Бу имтиёз КСЗ иштирокчиси бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан энг кам иш ҳақининг 3 минг бараваридан кам бўлмаган миқдорда инвестиция киритилгандагина тақдим этилади.

КСЗ иштирокчилари бўлган тадбиркорлик субъектлари учун энг муҳим яна бир қулайлик банк хизматлари кўрсатиш ва имтиёзли кредитлар ажратишдир.

17.JPG

Тижорат банкларига кичик саноат зонаси иштирокчи-ташкилотлари учун лойиҳанинг ўзини ўзи қопланишига қараб, жумладан, имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилган. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси КСЗ ҳудудларида лойиҳаларни молиялаштираётган барча тижорат банкларига, тасдиқланган квоталар доирасида, кредит линиялари очилишини таъминлаш назарда тутилган. Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарига бириктирилган тижорат банклари раҳбарлари зиммасига эса бу ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ўз вақтида ва тўла ҳажмда молиялаштирилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш вазифаси юклатилган.

Бу борада Бектемир кичик саноат зонасида Президент қарорлари ижроси тўлиқ таъминланмаган. Яъни, айрим тадбиркорлар имтиёзли кредит олиш учун ойлаб сарсон бўлмоқда. Натижа эса “ноль”га тенг. Навбатдаги мақоламизда Бектемир КСЗ иштирокчиси бўлган тадбиркорларнинг кредит олишда дуч келаётган муаммолари ҳақида ҳикоя қиламиз. Уларнинг бизга берган интервьюси, АТ Халқ банки Тошкент шаҳар Бектемир филиалининг тадбиркорга жавоби ва бошқа тегишли мутасадди ташкилотлар кўрсатмаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Улуғбек Асроров, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
11 770