Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

24.04.2018 11:55 Чоп этиш версияси

"Хуштепки" дилингизни хушлайди

Бухоро вилоятида 70 дан зиёд турли миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Улар орасида 20 мингга яқин туркман миллати вакиллари ҳам бор. Махтумқули тилида сўзлашувчи бу дўғонлар ҳам Ўзбекистонни ягона уй сифатида билиб, унинг тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келаётир.

Бухоро вилоятида ташкил топган туркман миллий маданий маркази ушбу халқ урф-одатлари, анъаналарини асраш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Жорий йил бошида ушбу марказ ташаббуси билан Бухоро туманининг “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида туркман мумтоз “Хуштепки” ҳаваскорлик ашула ва рақс дастаси ташкил этилди. Жамоанинг асосий ўзаги ҳудуддаги 10-умумтаълим мактаби ўқувчилари, шунингдек, маҳалланинг катта ёшли санъат мухлисларидан иборат. Даста репертуаридан туркман миллий қўшиқлари ва рақслари ўрин олган. Айни пайтда ижодий жамоа ўзбек тароналари, мақомларини ҳам ижро этмоқда.

2018 йилда Бухоро маданий марказида ўтказилган Наврўз байрами тантаналарида “Хуштепки”нинг чиқиши кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди.

Маълумки, ўз вақтида, туркман мумтоз адабиётининг улкан намояндаси Махтумқули Бухородаги Кўкалдош мадрасасида таълим олган. Алишер Навоий каби буюк сўз санъаткорлари ижоди унга илҳом бағишлаган. Унинг Бухорони тараннум этувчи шеърлари бор. Вилоят туркман миллий маданий марказидан маълум қилишларича, шоир яшаган ҳужрада унинг уй-музейини ташкил этиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
3 440