Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.03.2017 16:30 Чоп этиш версияси

Хушхабарлар бошлаб кел, Наврўз!

Президентимизнинг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Наврўз байрами бу йил мамлакатимизда умумхалқ сайли сифатида нишонланади.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида байрамга ҳозирлик кўришда ҳар бир ҳудуд, қишлоқ, маҳалланинг ўзига хос анъана ва урф-одатлари эътиборга олинмоқда.

Жиззах вилояти Фориш тумани қишлоқларида Наврўз байрами ўзига хос қизиқарли нишонланади. Ўзбек, тожик ва қозоқ миллатига мансуб аҳоли вакиллари азалдан бақамти яшаб келаётган Нурота тоғ тизмаларининг Қизилқумга туташ қисмида табиий хилма-хиллик каби қадим маданиятнинг ҳам турфа намуналари асрлар оша сақланиб келмоқда.

Нурота тоғининг Ҳаётбоши чўққиси этагида жойлашган Ухум қишлоғи аҳли Наврўзни биринчи бўлиб қарши олишига ишонади. Бунинг боиси қуёш нури даставвал Ҳаётбоши чўққисига тушиб, сўнгра бошқа қишлоқларга ўтади. Чўққининг номи ҳам шу билан боғлиқ бўлса, эҳтимол.

– Наврўз байрамини кекса-ю ёш, барча бир жойда, бир дастурхон атрофида, ҳар ким топганини ўртага қўйиб қаршилаш қишлоғимизнинг қадимий анъаналаридан, – дейди ухумлик 90 ёшли Жўра бобо Халилов. – Ҳатто уруш даврида, егулик тақчил йилларда ҳам Наврўзни байрам қилганмиз. Яратганга шукр, мустақиллик йилларида ўтаётган байрам дастурхонимизда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Бу тинчлик, фаровонлик туфайлидир. Кексалар гурунглашиб, тинчлик-омонлик, йилнинг баракали келишини сўраб дуо қилишади. Ёшлар ўйин-кулги, хурсандчилик қилади. Наврўз одамларда меҳр-оқибатни кучайтирадиган, элни аҳил қиладиган байрам.

Мамлакатимизнинг табиий муҳофаза қилинадиган ноёб ҳудудларидан бири “Нурота” давлат қўриқхонаси теграсида жойлашган Ухумда одамлар табиат билан уйғун яшаб, аждодлар анъаналарини давом эттириб келмоқда. Халқаро "Қизил китоб"га киритилган, бошқа ҳудудда учрамайдиган дилбанд лоласи, оқ думли бургут, олқор каби ўсимлик ва жониворларнинг кўплаб ноёб турларини очиқ табиат қўйнида кўриш мумкинлиги хорижлик сайёҳларни ҳам жалб этмоқда.

– Президентимиз қарори билан Наврўз ҳар бир маҳалла ва қишлоқда сайл сифатида байрам қилиниши белгилангани унинг қадим илдизларини янада мустаҳкамлайди, – дейди “Ухум” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Фарруҳ Шомуродов. – Наврўз сайли ўтказиладиган очиқ майдонни тайёрлаб қўйдик. Байрамга қишлоғимиз ёшларидан иборат “Парандоз” ва “Помир” фольклор-этнографик гуруҳларидан ташқари, вилоятдан ҳам таниқли санъаткорлар таклиф этилган. Миллий таомлар бўйича анъанавий пазандалик кўрик-танлови байрамнинг қизиқарли тадбирларидан бири бўлади. Халқ ўйинлари, турли спорт беллашувларига ҳам алоҳида тайёргарлик кўрилаётир.

Туман қишлоқларида ўтадиган Наврўз сайли фольклор-этнографик санъат намуналари, халқ ўйинларининг ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Айниқса Сайёд, Осмонсой, Илончи, Кўҳна бозор, Сафар ота, Учма қишлоқларида Наврўз ва тўй-томошаларда ижро этиладиган лапар, ўлан ва айтишувлар, халқ ўйинлари фақат шу ҳудудга хос.

Халқ ўйинларини синчиклаб кузатсангиз, бугун урф бўлган кўплаб халқаро спорт турлари ҳам юртимизда қадимдан мавжуд эканига гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, туман қишлоқларида ҳозир ҳам ўйналадиган "Ота гов-гов" худди гольф ўйинига ўхшаб кетади. "Дук тепиш" эса шарқ якка кураш спорт турлари сифатида кенг тарқалган "Каратэ", "Таэквондо", "У-шу" беллашувларидан қолишмайди.

Мустақиллик йилларида миллий-тарихий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли Форишда бебаҳо маданий меросимиз бўлган халқ ўйинларини ўрганиш, тиклаш мақсадида этнографик экспедициялар, халқаро миқёсда илмий-амалий конференциялар, мусобақалар ўтказилди. Жумладан, 1994-1996 йилларда Қизилқир тепалигида юртимизнинг барча ҳудудларидан келган вакиллар иштирокида икки марта Республика халқ ўйинлари олимпиадаси ўтказилди, ёшларни жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялашга хизмат қиладиган кўплаб халқ ўйинлари қайта тикланди.

Ана шу дастлабки олимпиадалар давомида тикланган «Бўрон», «Чавандоз», «Олиб қочар», «Чўнка шувоқ», «Елка кураш», «Қирқ тош», «Минди», «Бўта солай», «Тортишмачоқ», «Қиз қувди» каби йигирмадан ортиқ ўйин бугун халқимизнинг чинакам маънавий мулкига айланди.

Ҳар бир қишлоқ қадимдан Наврўз ўтказиб келадиган ўз тарихий жойига эгалиги ушбу байрам билан боғлиқ анъаналар узоқ даврлар барқарор давом этишига хизмат қилмоқда. Масалан, туман маркази атрофидаги қишлоқ ва маҳаллалар аҳолиси бу йил Наврўз байрамини тарихий Қизилқир тепалигида ўтказишга тайёргарлик кўраётир.

Осмонсой, Сайёд, Оқтепа қишлоқлари аҳли Катта сойариқ бўйида ўтказиладиган Наврўз сайлида халқ ўйинларининг барча турларини томоша қилиши мумкин. Ушбу қишлоқларда яна бир одат бор – ҳамма кўчат экади. Агар ҳовлидан, кўчадан жой топилмаса, қишлоқ четидаги далага ҳам экаверади.

Улоқ-кўпкари томошаларининг зўри Жанубий Қизилқум бағрида жойлашган Дарбоза, Омонкелди, Қизилқум, Айдаровул қишлоқларининг Наврўз сайлларида бўлади. Туманнинг Юқори худуд деб юритиладиган Қораабдал, Гараша, Нарвон қишлоғи томонларда анъанага кўра деҳқонлар далага қўш чиқариб, яхши ният билан уруғ сепади, турли кўчат экади, айниқса, ток бўлиши шарт.

Сумалак сайли, оммавий спорт мусобақалари, вилоятдан ва мамлакатимиз пойтахтидан таклиф этиладиган таниқли санъаткорлар ижросидаги концерт дастури барча жойларда ўтадиган Наврўз сайлларига хос.

– Қадимий маданиятимиз, миллий қадриятларимизни тиклашга қаратилаётган доимий эътибор туфайли аждодларимиздан мерос қадим урф-одатлар, уларнинг турмуш тарзи, орзу-ҳавасини ўзида акс эттирувчи халқ ўйинлари Наврўз дастурига киритилиши бу байрамни янада гўзал сайлга айлантирмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Шавкат Эшонқулов. – Байрамни юртимизда, ҳаётимизда рўй бераётган оламшумул ўзгариш ва янгиланишлар, улкан режаларимиз, эзгу ниятларимиз руҳига мос мазмунли, кўтаринки руҳда ўтказиш учун туман маданият бўлими билан ҳамкорликда фуқаролар йиғинларига услубий ёрдам кўрсатилмоқда. Мақсадимиз – бу йил ҳам Наврўз байрамини ҳар томонлама эсда қоларли қилиб ўтказиш.

Вилоят маданият бошқармаси ҳузурида тузилган ижодий гуруҳ туман ҳокимликлари, маданият, спорт ишлари бўлимлари билан ҳамкорликда ҳар бир қишлоқнинг ўзига хос анъана ва урф-одатини ҳисобга олиб Наврўз байрамини чинакамига халқ сайли сифатида ўтказишда фуқаролар йиғинларига кўмак бераётир.

Наврўз байрамларида маҳаллий бадиий жамоалардан ташқари шу йилнинг февраль ойида ўтказилган “Баҳор тароналари” вилоят кўрик-танловининг “Наврўз ҳақидаги энг яхши қўшиқ”, “Энг яхши ўлан”, “Энг яхши фольклор жамоаси” йўналишлари ғолибларининг концерт дастури намойиш этилиши ҳам белгиланган.

Мустақиллик йилларида Наврўз сайллари ўтказиб келинган тарихий жойлар ободонлаштирилиши билан бирга, халқ сайли ўтказиладиган янги масканлар ҳам барпо этилди. Вилоят марказидаги Наврўз сайллари бу йил "Ёшлар шаҳарчаси”да, "Истиқлол" маданият ва истироҳат боғида, “Ўрда” экологик истироҳат боғида бўлиб ўтади.

Айни пайтда Наврўзга тараддуд кўриш жараёнида фақат томошалар дастури, сайл ва тантаналар ўтказиладиган, дам оладиган масканларни тайёрлаш эмас, балки бутун вилоятда ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш, кўчат ўтқазиш, боғ-роғ яратиш ишларини амалга оширишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 044






Все о погоде - Pogoda.uz