Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.02.2017 13:46 Чоп этиш версияси

Хуш келдингиз, мард ва жасур ўғлонлар

Хуш келдингиз, мард ва жасур ўғлонлар Термиз темир йўл вокзалида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун Сурхондарё вилоятига келган аскарлар тантанали кутиб олинди.

Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириб, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги ва миллатлараро тотувликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Ёшлар онгу шуурида миллий армиямиз сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўташга қизиқиш ва интилиш кучайиб бораётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Нурмуҳаммад Қувондиқов Пайариқ туманидаги Ғойиб ота маҳалласида улғайди. Умумтаълим мактабидан сўнг, Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ўқиди. Спорт билан мунтазам шуғулланиб, қўл жанги бўйича вилоят мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллади, “Динамо” футбол клубида тўп сурди. Ўтган йили коллежни тугатгач, муддатли ҳарбий хизматга астойдил ҳозирлик кўрди. Чақирув мавсумида жисмоний тайёргарлик ва тест синовларидан етарли балл тўплаб, Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари сафида йигитлик бурчини ўташ учун йўлланма олди.

– Коллежда чақириққача ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш фанини ўзлаштириб, назарий ва амалий машғулотларда мунтазам қатнашганим, жисмонан чиниққаним бундай бахтга эришишимга ёрдам берди, – дейди Нурмуҳаммад Қувондиқов. – Хизмат давомида Ватанимизнинг жанубий сарҳадларида туриб, ота-онам ва кўп миллатли халқимиз тинчлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишдан бахтиёрман.

– Ҳарбий қисм ва чегара постларида чегарачи аскарларнинг жанговар тайёргарлик кўриши, ҳарбий интизомни чуқур ўзлаштириши ва билимини янада бойитиши учун зарур шароитлар яратилган, – дейди офицер Комил Аллабердиев. – Ўқув-тактик машғулотлар замонавий технологиялар асосида ўтказилади. Замонавий усулда жиҳозланган шинам ва ёруғ ётоқхона, тоза, озода ва кенг ошхона, спорт зали ва майдончалари, сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, бадиий ва бошқа китоб фондига эга кутубхона аскарлар ихтиёрида. Турли спорт мусобақалари, билимлар беллашувлари ўтказиш анъанага айланган.

Cарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаётган ботир чегарачиларга кўрсатилаётган бундай эътибор уларда Ватанга муҳаббат, юртга садоқат туйғусини янада мустаҳкамламоқда.

– Келажакда чегара қўшинларида хизматни давом эттиришга аҳд қилганман, – дейди Бахмал туманидан Шаҳобиддин Мамаражабов. – Бунда муддатли ҳарбий хизмат чинакам ҳаёт мактаби вазифасини ўташига ишонаман.

Шу куни бўлажак чегарачилар замонавий ўқув марказида аскарлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Улар белгиланган муддат давомида бу ерда ҳарбий соҳа бўйича етарли малака ва кўникма олгач, жанубий сарҳадларимизнинг ҳарбий қисмларида ўз бурчини садоқат билан бажаришга киришади.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
4 652






Все о погоде - Pogoda.uz