Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.04.2017 19:31 Чоп этиш версияси

Хотира – абадий, жасорат – мангу

Хотира – абадий, жасорат – мангу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ва "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида жойларда уруш қатнашчилари ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларини табриклаш маросимлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бундай байрам тадбирларини биринчилардан бўлиб бошлаб бергани чуқур рамзий маънога эга. Шу кунларда Мудофаа вазирлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари Иккинчи жаҳон уруши фахрийларини жанг майдонларида кўрсатган матонати, мардлик ва жасорати учун қутлаш ҳамда кўнглини кўтариш мақсадида уларнинг уйларига ташриф буюрмоқда.

Бухоролик Ҳамид Воҳидов урушда Берлингача борган. Унинг кўкси жанговар мукофотлар билан тўла. Миномёт бўлинмаси командири бўлган Ҳамид ота инсоният тарихида энг қирғинбарот деб эътироф этиладиган Сталинград жангида ҳам иштирок этган. Урушдан сўнг Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини тамомлаб, ҳаётини армия билан боғлади. Турмуш ўртоғи Ҳалима ая билан уч фарзандни тарбиялаб, вояга етказди. Кўплаб набира ва эвараларнинг бобоси ва бувижониси.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари М.Солиев фахрийга Ўзбекистон Республикаси Президентининг пул мукофотини топшириб, вазирлик раҳбарияти номидан яқинлашиб келаётган Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади, ёш авлодни тарбиялашдаги фаол иштироки учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси И.Мирзаалиев ва жамоатчилик вакиллари ҳам муборакбод этди.

Ҳамид ота бундай юксак эътибор учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандаси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Марат Ҳакимов "45 йилнинг баҳори" қўшиғини ижро этганда Ҳамид отанинг кўзларида ёш қалқиди.

Бу учрашув Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти курсанти Фазлиддин Остоновда унутилмас таассурот қолдирди. У отахоннинг уруш ҳақидаги сўзларини диққат билан тинглади. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскар Жавоҳирбек Анорбоев уруш фахрийсига атаб шеър ўқиб берди.

Тошкент шаҳридаги "Буюк ипак йўли" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эркин Азизовнинг сўзларига кўра, маҳаллада икки нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси яшайди. Маҳалла аҳли фахрийларга ғамхўрлик кўрсатиб, уларнинг ҳолидан хабар олиб турибди, кундалик муаммоларини ҳал этишга кўмаклашмоқда.

Иван Семёнович Балабай асли Украинанинг Харьков вилоятидан. У Ўзбекистонни иккинчи Ватани деб билади. Тўрт фарзанди Ўзбекистонда вояга етди. Иван Семёнович армиядан захирага бўшатилгач, жамоат ишлари билан шуғулланди.

– Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқлардан келган юз минглаб одамларга бошпана берганини ҳеч қачон эсдан чиқармаймиз, – дейди Иван Семёнович. – Ўша оғир кунларда ўзбекистонликлар бир бурда нонини биз билан баҳам кўрди, рус, украин, беларус ва молдаванларни ўз ака-укасидек қабул қилди. Мамлакатимиз раҳбарияти биз, фахрийларга ғамхўрлик кўрсатиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда иштирок этишга жалб этаётганидан хурсандмиз.

"Нуроний" жамғармасининг Мирзо Улуғбек тумани бўлими раиси Исмоил Олимовнинг айтишича, Иван Семёнович жамоатчилик ишларида, мактаб ва коллежларда ташкил этиладиган учрашувларда фаол иштирок этади. Фахрийларнинг мардлиги, жасорати, шижоати ёшлар учун ҳамиша ибратдир.

Президентимизнинг қарорида "Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир" дейилган.

Захирадаги полковник Ҳаким Тошматовнинг турмуш ўртоғи Миланье Петровна Тошматова уруш азобларини тортган инсонлардан. У турмуш ўртоғи билан узоқ ва бахтли умр кечирди. 1942 йилда Германияга мажбуран олиб кетилиб, 1945 йил концлагердан озод этилган. Сабр-матонатли Миланье Петровна тақдирнинг бундай синовларига бардош билан чидади. Урушдан кейин Ўзбекистон иқтисодиётини тиклашга ўз ҳиссасини қўшди, икки ўғлини ҳақиқий Ватан ҳимоячиси этиб тарбиялади. Икки ўғли ҳам ҳарбий хизматдан полковник унвони билан захирага бўшатилган.

– Сизга ва барча уруш фахрийларига таъзим қиламиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги фахрийлар ишлари бўйича марказий кенгаши раиси Ҳикмат Қосимов. – Хотира, мардлик ва матонатни ҳурмат қилиш Ўзбекистоннинг бугунги ёшлари учун бебаҳо қадриятдир.

Аблай Камолов, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
3 010






Все о погоде - Pogoda.uz