Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2018 09:00 Чоп этиш версияси

“Хотира – абадий” шиори остида мусиқий акция

Пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ва Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамкорлигида “Хотира – абадий” шиори остида мусиқий акция ўтказилди.

Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида уюштирилган тадбирдан мақсад Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, ёши улуғлар, турли соҳаларда фидойилик кўрсатган аждодларимизни ҳурматлаш, уларни эъзозлашдан иборат. Шунингдек, ёшларда ватанпарварлик, инсонийлик фазилатларини юксалтириш, уларни мустақиллик, тинчлик ва фаровонликнинг қадрига етишга ундашдир.

Санъаткорларнинг Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлари, актёрларнинг саҳна кўринишлари, сўз усталарининг кайфиятни кўтарувчи чиқишлари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
7 780