ЎзА Ўзбек

23.05.2018 21:12 Чоп этиш версияси

Хорижий экспертлар якуний хулосаларини баён этди

Хорижий экспертлар якуний хулосаларини баён этди Жорий йил 19-23 май кунлари Европа Иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Кенгаши ишчи гуруҳи делегацияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан танишиш, янги минтақавий сиёсат юзасидан фикр алмашиш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама этиш мақсадида мамлакатимизда бўлди.

Делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев билан учрашув ўтказди.

Музокара чоғида меҳмонларга 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг асосий қоидаларидан келиб чиқадиган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил ахборот берилди.

Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан биридир. Бугунги давр мазкур алоқаларни ривожлантириш ва ҳар томонлама мустаҳкамлашни тақозо этмоқда. Ишчи гуруҳ экспертларининг ушбу ташрифи ҳам мамлакатимизнинг Европа Иттифоқи билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, минтақа давлатлари иқтисодиётини ривожлантириш, таълим, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Учрашувда делегация аъзолари ташриф доирасида олган таассуротлари ва якуний хулосаларини баён этди. Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий соҳаларда, шунингдек, хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида мамлакат ва жамиятни янада демократлаштириш бўйича Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда уни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Суҳбат чоғида Европа Иттифоқи делегацияси Ўзбекистондаги жадал ўзгаришларга, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш ва мамлакатимизнинг халқаро имижини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларга юқори баҳо берди.

4.JPG

10.JPG

– Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни бевосита кўриш, уни ҳудудлар миқёсида ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида келдик, – деди Европа Иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Кенгаши ишчи гуруҳи раҳбари Ютта Эдтхофер. – Мамлакатингизда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонамиз. Бу ҳамкорлик нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатлари учун ҳам муҳим.

Учрашувда томонлар халқаро ва минтақавий сиёсатнинг ўзаро манфаатли жиҳатларига доир масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

– Ўзбекистонга илк бор келишим, – деди Регина Паланди Паджу (Эстония). – Биз ишчи гуруҳ билан Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлдик. Тарихий шаҳарлар, бетакрор юртингиз бизда катта таассурот қолдирди. Қатор вазирлик ва идораларда музокаралар ўтказдик. Юртингиз барча соҳада, айниқса, туризм йўналишида улкан салоҳиятга эга эканига гувоҳ бўлдик.

Делегация аъзолари, шунингдек, Иқтисодиёт, Ташқи савдо вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида ҳам бўлиб, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар.

Гўзал Сатторова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
3 905