Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 20:08 Чоп этиш версияси

Хивада халқаро конференция иш бошлади

Хивада халқаро конференция иш бошлади Хоразм Маъмун академиясида “Конденсирланган муҳитлар физикасининг янги ютуқлари: Квант транспорти, топологик эффектлар ва паст ўлчамли тизимларда энергияни бошқа турга айлантириш” мавзусида халқаро конференция иш бошлади.

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Урганч давлат университети ва Хоразм Маъмун академияси ҳамкорлигида ўтказилаётган халқаро анжуманда АҚШ, Германия, Италия, Франция, Буюк Британия, Греция, Япония, Жанубий Корея ва Россия каби 20 дан ортиқ давлатдан 50 дан зиёд олим иштирок этмоқда.

Конференцияда замонавий конденсирланган муҳитлар физикаси соҳаси муаммолари ва унинг истиқболлари, соҳа ютуқларини илғор инновацион материаллар яратиш, ресурс тежамкор технологиялар ва муқобил энергетика соҳаларида қўллаш масалалари муҳокама қилинади.

2.jpg

– Конденсирланган муҳитлар физикаси – замонавий физиканинг бўлими бўлиб, модданинг қаттиқ ва суюқ ҳолати хоссаларини, улар асосида электронни, оптика, механика ва турли технологиялар учун материаллар ва ускуналар яратиш имкониятларини ўрганади, – дейди физика-математика фанлари доктори, профессор Даврон Матрасулов. – Анжуманда ресурс тежамкор материаллар, юқори самарадорликка эга учинчи авлод қуёш элементлари, муқобил энергетика учун истиқболли материаллар, наноэлектроника, квант информатикаси ҳамда замонавий нанотехнологияларнинг турли масалалари юзасидан фикр алмашилади.

Конференция ишига конденсирланган муҳитлар физикаси, материалшунослик ҳамда муқобил энергетиканинг долзарб муаммолари бўйича маърузалар тақдим этилмоқда. Иштирокчилар юксак даражада ташкил этилган конференция илм-фанни ривожлантириш йўлидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

– Конференцияда "Сигналлардаги флуктуация" деб номланган маърузам билан иштирок этмоқдаман. Унда флуктуациянинг технологиялар, тиббиёт, сейсмология ва бошқа соҳалардаги роли ҳақида сўз юритилади. Бу турли давлатлардан келган олимларда катта қизиқиш уйғотди, – дейди Турин политехника университети профессори Анна Карбоне (Италия). – Ўзбекистонга учинчи бор келишим. Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари менда катта таассурот қолдирган. Энди эса қадимий Хивада бўлиб турганимдан хурсандман. Эртакмонанд шаҳар менга жуда ёқди. Тарихингиз ҳақида умумий маълумотга эгаман, лекин бу ерга келиб, тасаввурларим кўрганларим олдида анча ғариб эканини тушундим.

– Конференция баҳона жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломалар юртига келганимдан бахтиёрман, – дейди германиялик олим Рейнхолд Эггер. – Ушбу анжуманннинг Маъмун академиясида ўтказилишида ҳам чуқур маъно бор. Конденсирланган муҳитлар физикаси соҳасининг бош масаласи органик материаллар ва углевод нанозарралари асосида қуёш элементларини яратишдан иборат. Ўйлайманки, мамлакатингизда арзонлигидан ташқари, юқори даражадаги енгиллик, ихчамлик, эгилувчанлик ва экологик хавфсизликка эга бўлган қуёш элементларини яратиш учун барча имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон олимларининг салоҳияти ҳам етарли.

Халқаро конференция 28 сентябргача давом этади.

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат), ЎзА
1 619






Все о погоде - Pogoda.uz