Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.06.2018 16:29 Чоп этиш версияси

Хирмон юксалмоқда

Хирмон юксалмоқда
Наманган вилоятида ҳам буғдой ўрим-йиғими авжида. Жорий йилда вилоятда 76 минг 500 гектар майдонда ғалла етиштирилди.

Айни пайтда етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Вилоятда ташкил этилган 274 отряднинг ҳар бирига биттадан ўрим комбайни бириктирилди, – дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи ўринбосари, ғалла штаби бошлиғи Б.Ҳамдамов. – Мавжуд ўрим техникаларининг ёнига бу йил лизинг шартномаси асосида келтирилган 40 та янги комбайн қўшилгани терим суръатига суръат қўшмоқда. Шунингдек, ҳар бир отрядга бириктирилган юк автомобили, кўчма устахона, ўрим-йиғим иштирокчиларига яратилган ҳар томонлама қулай иш шароити мавсумнинг сифатли ўтишини таъминлаётир.

6.jpg

Бу мавсумнинг дастлабки кунларидаёқ бир қатор фермер хўжаликлари, муқобил машина-трактор парклари давлатга ғалла топшириш бўйича шартнома режасини ортиғи билан бажарганида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, Чуст туманидаги “Ўзбекистон” муқобил машина-трактор парки ҳудудидаги 28 та фермер хўжалиги томонидан эл хирмонига режадагидан 13 тонна кўп – 2 минг 475 тонна дон топширилди. Айниқса, “Турдиев Ҳасан ота”, “Чуст Акмалжон-Акбаржон” фермер хўжаликларида ҳосилдорлик юқори бўлди. Поп туманидаги “Наврўз” муқобил машина-трактор паркига қарашли фермер хўжаликлари уйган хирмон 1 минг 274 тоннадан ошди. Мингбулоқ тумани ғаллакорлари ҳам 25 минг 837 тонналик хирмон кўтариш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқда. Улар томонидан ҳозиргача қайта ишлаш корхонасига 12 минг тоннадан ортиқ дон топширилди. Наманган туманидаги "Навбаҳор намунаси” фермер хўжалиги 23 гектар ғалла майдонидан 65 центнердан ҳосил кўтариб, давлат омборига 10 тонна дон ва 96 тонна уруғлик буғдой етказиб берди. 

Айни пайтда вилоят ғаллакорлари бутун диққат-эътиборини мавсумни уюшқоқлик билан якунлаш, ғаллани нобуд қилмасдан тезроқ йиғиштириб олиш, ғалладан бўшаган майдонларни пешма-пеш шудгорлаб, такрорий экин экишга қаратмоқда.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
2 608