ЎзА Ўзбек

06.03.2018 16:37 Чоп этиш версияси

Хазинани топиш усулини биласизми?

Томорқангизда хазина борлигини биласизми? Уни топиш йўлини ҳеч ўйлаганмисиз? Агар шуни истасангиз, Фарғонага бир келинг. Кафтдек ердан тилла топиб олганлар суҳбатида бўлинг.

Учкўприк тумани марказидан 15 чақирим олисда жойлашган "Тожик" маҳалла фуқаролар йиғинининг Муллазоир қишлоғи аҳолиси томорқада цитрус мева – лимон етиштириш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратган. Ҳозирги кунда ҳудуддаги 2 минг 50 хонадонда 8 минг 250 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ аҳолисига томорқа сифатида ажратилган 150 гектар ернинг 90 фоизида иссиқхоналар ташкил этилган.

Қишлоқда аҳоли томорқаларида лимон парваришлаш мақсадида бундан 15-20 йиллар олдин тажриба сифатида бошланган ишлар бугун кенг қулоч ёзди. Муллазоирда лимончилик жадал ривожланиб, шунинг баробарида лимон кўчатлари етиштириш, ички бозорда сотиш ва хорижга экспорт қилиш соҳасида улкан ютуқларга эришилмоқда.

Лимонни қиш мавсумида ҳам бир маромда сақлаш мақсадида икки нафар маҳаллий тадбиркор ташаббуси билан 1 минг 700 тонна сиғимга эга замонавий музлатгичли омборхона барпо этилди. Ҳозир кунига 20-30 тонна, бир йилда ўртача 1000 тоннадан зиёд лимон Россиянинг турли ҳудудларига экспорт қилиниши таъминланмоқда.

Ғаффор Умаров қишлоқдаги энг миришкор оила соҳиби, лимон етиштириш борасида катта тажрибага эга уста деҳқон ҳисобланади. Ҳамқишлоқлари сингари унинг хонадонидаги термос усулида иситиладиган 5 сотихли камхарж иссиқхонада йилига ўртача 2,5-2,8 тонна лимон олинади. Бугун бозордаги энг арзон нархда ҳам бу 20 миллион сўмни ташкил этади. Бунга қўшимча равишда Ғаффор Умаровнинг минерал ва маҳаллий ўғитлар билан ишлов бериш, лимон кўчатлари етиштириб сотиш бўйича ҳам қўшимча даромади бор. Айни кунларда ушбу оила аъзолари 50 минг туп лимон кўчатини сотишга тайёрлаб қўйган. Агар эҳтиёж бўлса, Ғаффор Умаров кўчатни жойига олиб бориб экиб бериш ва дастлабки йилларда белгиланган меъёр бўйича парваришлаш борасида ҳам амалий маслаҳатларини бериб бориши мумкин.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
15 457