ЎзА Ўзбек

20.06.2018 10:34 Чоп этиш версияси

“Хавфсиз пойтахт” концепцияси жорий этилади

“Хавфсиз пойтахт” концепцияси жорий этилади
Тошкент шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, сутканинг кечки ва тунги вақтида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида уларнинг яқин ҳамкорлигини ташкил этиш мақсадида “Хавфсиз пойтахт” концепцияси эксперимент тариқасида жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июнда “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Олий суди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг 2018 йил 1 июлдан Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида “Хавфсиз пойтахт” концепциясини эксперимент тариқасида жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

“Хавфсиз пойтахт” концепциясида қуйидагилар назарда тутилган:

соат 16:00 дан 8:00 га қадар вақт оралиғида ички ишлар органлари, Миллий гвардия саф бўлинмалари жамоат тартибини таъминлаш кучларининг камида 70 фоизини, шунингдек, жамоатчилик вакилларини (кейинги ўринларда – жамоат тартибини таъминлаш кучлари) жалб қилиш орқали куну тун уч сменали патруль режимини ташкил этиш;

ички ишлар ва прокуратура органларининг профилактика, тезкор ва тергов бўлинмалари, маъмурий судлар, адвокатура, шунингдек, суд-тиббий экспертиза хизматлари ходимлари томонидан сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат фаолиятини тўлиқ амалга ошириш, кейинчалик сутканинг кундузги вақтида ўн олти соат давомида уларни бевосита хизмат вазифаларини бажаришдан озод этиш;

ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш ва уларга чек қўйиш мақсадида ички ишлар органлари бўлинмалари, биринчи навбатда, жамоат тартибини таъминлаш кучларининг патруль гуруҳлари ҳодиса содир бўлган ёки сигнал берилган жойга максимал тезкорлик билан етиб боришини таъминлаш.

Шунингдек, қарорда қуйидагилар белгилаб қўйилди:

патруллик қилиш учун бириктирилган ҳудудда жамоат тартибини бузиш ҳолатлари мавжуд эмаслиги, уларнинг ўз вақтида олди олиниши ва уларга чек қўйилиши сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат олиб бораётган жамоат тартибини таъминлаш кучлари фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим мезонлари ҳисобланади;

сутканинг кечки ва тунги вақтидаги фаолият жамоат тартибини таъминлаш кучларининг ва жалб этилган давлат органлари бўлинмалари шахсий таркибининг яқин ҳамкорлигида ташкил этилади;

жамоат тартибини таъминлаш кучлари томонидан сутканинг кечки ва тунги вақтида автомобилларда патруллик қилиш аралаш тартибда, яъни ҳам автомобилларда, ҳам пиёда амалга оширилади;

сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат олиб боришга жалб этилган жамоат тартибини таъминлаш кучлари ва давлат органлари шахсий таркибининг фаолияти даврий равишда сутканинг кундузги вақтидаги иш билан алмаштириб турилади.

ЎзА
7 314