Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 17:06 Чоп этиш версияси

Хавфли жиноятчи суд қилинди

Тошкентлик муқаддам судланган Мурод Мўминов илгари бир неча маротаба жиноят содир этган бўлса-да, ҳалол яшашни ўйламади, нопок йўлдаги қинғир ишларини тўхтатмай, такрорий равишда яна жиноятга қўл урди.

У жорий йил 31 январь куни пойтахтимизнинг Сергели туманида истиқомат қилувчи Инобат Усмоновага 280 АҚШ доллари эвазига "Акфа" ромлари қўйиб беришни ваъда қилади. Олдиндан 100 АҚШ доллари ва 700 минг сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгач, ишни пайсалга солади. Қўлга киритган маблағни эса ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.

Мурод 2017 йил 8 март куни Шайхонтоҳур тумани, Янги Белтепа маҳалласида Жавоҳир Мирзаев бошқарувидаги, “Sensis Group” масъулияти чекланган жамиятига тегишли давлат рақами 01 984 РЕА бўлган “Cobalt” русумли автомашинани таъмирлаб беришга келишади. 750 минг сўм пул, 15 граммлик, баҳоси икки миллион эллик минг сўмлик тилла тақинчоқларни хизмат учун, деб олдиндан олади. Орадан бир кун ўтиб, “Кредит Азия” дўконига кредит пулларини ўзи тўлаши шарти билан Жавоҳир Мирзаевнинг номига кредитга телевизор олишни расмийлаштиришни таклиф қилди. Жавоҳир Мирзаев ҳам “уста”нинг сўзини икки қилмай, келишувга рози бўлди. Мурод эса нархи 3 миллион 845 минг сўмлик телевизорни олиб, бошқа шахсларга сотиб юборади.

М.Мўминов 12 март куни Жавоҳир Мирзаевнинг автомашинасини таъмирлаб бериш учун олиб кетади. Автомашинани шаҳарнинг бир четига олиб бориб, ундаги 5 миллион 250 минг сўмлик кондиционер ҳамда 750 минг сўмлик ҳимоя ёстиқчасини яширин равишда ўғирлайди ва танишларига сотиб юборади. Пулларни эса ўз эҳтиёжлари учун ишлатади.

Муроднинг қинғир йўлдаги бундай қадамини туман ички ишлар ходимлари тўхтатди.

М.Мўминовнинг аввалги жиноятлари бўйича ҳужжатлар текширилганда, унга нисбатан муқаддам Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2016 йил 20 декабрдаги ҳукмига кўра, иш ҳақидан 30 фоизи миқдорини давлатга ундириб қолган ҳолда, уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани маълум бўлди.

Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида М.Мўминов жазони тўла ўтамай туриб янги жиноят содир этганлиги инобатга олинган ҳолда, унга олти йил-у икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судланувчи М.Мўминовдан жабрланувчи Ж.Мирзаев фойдасига 12 миллион 645 минг сўм, И.Усмонова фойдасига эса 1,5 миллион сўм моддий зарар ундириладиган бўлди.

Сайёр судда содир этилган жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинди. Бу каби тадбирлар фуқаролар ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.

Даврон Суннатов, ЎзА
2 764






Все о погоде - Pogoda.uz