Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.03.2017 16:10 Чоп этиш версияси

Халқ вакиллари чекка қишлоқларда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Наманган вилоятида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва аҳоли турмуш тарзи билан танишмоқда, очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтарди, давлат ва жамият тузилмалари олдига бошқарув амалиётида туб бурилиш ясаш вазифасини қўйди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари Акмал Раҳмонов, Шуҳрат Тўхтабоев ва Нодиржон Мухторовнинг Уйчи туманида аҳоли вакиллари билан ўтказган учрашувларида ҳудуддаги давлат бошқаруви идоралари, корхона ва ташкилотлар, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти таҳлил қилиниб, тегишли мутасаддилар эътибори мавжуд муаммоларга қаратилди. Жумладан, 45-Уйчи сайлов округидан сайланган депутат А.Раҳмонов Жийдакапа қишлоғидаги Қумтепа, Дўстлик, Баландариқ, Деҳқон, Бўстон каби бир қатор маҳаллаларда 100 дан ортиқ хонадоннинг турмуш шароити билан танишди, оила аъзолари билан суҳбатлашди.

Маҳалла фаоллари, ишбилармонлар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқаролар, ўқитувчи-мураббийлар, ёшлар иштирокида ўтказилган мулоқотларда Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамияти ва мазмун-моҳиятини кенг оммага етказишга алоҳида эътибор қаратилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш, оилавий тадбиркорликни бошлаш, банкдан имтиёзли кредит олиш, иссиқхона қуриш, парранда боқиш, лимон ва ёнғоқ дарахтидан қўшимча даромад кўриш истагида мурожаат қилган фуқароларга зарур маслаҳатлар берилди, кўмак кўрсатилди.

Депутат Ш.Тўхтабоев томонидан Ёркатай қишлоғидаги Гумбаз, Чуртук, Файзиобод, Мирзаравот, Исломобод, Ёркатай маҳаллалари аҳолиси билан ўтказилган мулоқотларда ҳам тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, кредит олиш ва ундан фойдаланиш тартиби, томорқа хўжалиги ва чорвачиликни ривожлантириш, бандлик, ёш авлод таълим-тарбияси билан боғлиқ аҳоли мурожаатларининг ўз жойида ечим топишига амалий ёрдам берилди.

– Янги уйга кўчган икки ўғлимни яшаш жойига рўйхатга қўйиш масаласи ҳал бўлмай келаётган эди, – дейди Чуртук маҳалласида яшовчи Р.Пўлатов. – Депутатнинг кўмаги билан ушбу муаммо мулоқот бўлиб ўтган куннинг ўзида ҳал бўлди. Шундай халқчил сиёсат олиб бораётган Президентимиздан беҳад миннатдормиз.

Депутат Н.Мухторов туманда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва даражаси, соғлиқни сақлаш муассасаларидаги ҳолат ва дорихоналарда Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини ўрганди. Жумладан, “Ғайрат”, “Бирлашган”, “Хизиробод”, “Қизил-равот” қишлоқ врачлик пунктлари, “Ғайрат”, “Бирлашган”, “Қизил-равот” тез тиббий ёрдам хизматлари, “Жавоҳир-Зиёрбек-шифофарм”га қарашли 1-дорихона, “Уйчи дори-дармон” корхонасига тегишли дорихоналар фаолияти билан танишди. Тиббиёт муассасаларини ўрганиш якунлари бўйича туман ҳокимлиги, тегишли ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантиришга қаратилган бундай очиқ мулоқотлар жойларда ҳақиқий аҳволни ўрганиш ҳамда тегишли раҳбарлар ҳисоботини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари муҳокамасига киритиш тартибини амалиётга жорий этиш ва такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
3 037






Все о погоде - Pogoda.uz