ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Халқ таълими тизими янги йўналишда такомиллашади

Халқ таълими тизими янги йўналишда такомиллашади

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мактабларда таълим сифатини ошириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб олган ва бу йўналишда амалий ишларни бошлаган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 23 августида халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллий ҳокимликлар мактаб инфратузилмасини яхшилаш, коммунал хизматлар узлуксизлигини таъминлаш, ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш каби масалаларга масъуллиги белгиланган эди. Мактабларда таълим сифатини ошириш, таълим муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш, ўқитувчи мавқеини ошириш, ўқув дастури ва дарсликлар мазмунини такомиллаштириш вазифалари топширилганди.

Шу йўналишда Халқ таълими вазирлиги мамлакатимизда таълим сифатини баҳолаш тизимини ўрганиб чиқди. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, шу пайтгача таълим тизими сифати ва ягона ёндашувга асосланган реал ҳолатни баҳоловчи тизим бўлмаган. Шу боис таълим сифатини аниқлаш учун бир неча ташқи манбалар маълумоти ўрганилиб, халқаро тажрибалар амалиётга жорий этилган ҳолда шаффоф ҳамда объектив баҳолаш мезонлари яратилмоқда.

Шунингдек, мактаб битирувчиларининг 2019 йилда олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра, икки мингдан зиёд мактабнинг биронта ўқувчиси олий ўқув юртига кира олмаган. Битирувчилари олий таълим муассасаларига кирмаган мактабларни давлат аттестациясидан ўтказиш режалаштирилган.

2020 йилда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан биргаликда бошланғич синф ўқувчилари ўртасида ўқиш (EGRA) ва математика (EGMA) саводхонлиги бўйича халқаро баҳолаш ўтказилади. Ҳозирги кунда баҳолашни ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

2021 йилда ўқувчилар билими PISA ва PIRLS халқаро баҳолаш дастурлар асосида аниқланади. Мазкур халқаро баҳолаш дастурлари мамлакатимиз таълим тизимини бошқа давлатлар билан солиштириш ва камчиликларини аниқлашга кўмак беради.

“Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тайёрланиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унда узлуксиз малака ошириш тизимини амалиётга жорий этиш бўйича керакли вазифалар белгилаб берилган.

Ушбу қарор лойиҳаси билан ўқитувчилар учун касбий лицензия тизимини жорий қилиш таклиф этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида умумтаълим муассасалари ўқитувчилари ва мактаб директорларини замонавий малака талаблари асосида синовдан ўтказиб, уларнинг фаолиятини лицензиялаш белгиланган. Концепцияга мувофиқ, лицензиялаш босқичма-босқич жорий этилади. Бунда жами ўқитувчилар сонига нисбатан касбий лицензияга эга ўқитувчиларни 2021 йилда 5 фоизга, 2030 йилда 20 фоизга етказиш белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, касбий лицензиялаш амалиёти Буюк Британия, АҚШ, БАА, Жанубий Корея, Финляндия ва Япония каби мамлакатларда самарали жорий қилинган.

Маълумотларга кўра, ҳозирда халқ таълими тизимидаги 466 минг 462 ўқитувчидан 3,1 фоизи олий малака, 14,6 фоизи биринчи малака, 29,4 фоизи иккинчи малака тоифасига эга. Қолган 52,9 фоиз ўқитувчи тоифага эга эмас. Касбий лицензия раҳбарлар учун 3 йил, ўқитувчилар учун эса 5 йил амал қилиб, дастлабки босқичда тоифага эга бўлган ўқитувчилардан, кейинчалик тоифага эга бўлмаган ўқитувчилардан талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган ўқитувчилар иш ҳақининг босқичма-босқич оширилиши фақатгина касбий лицензияга эга бўлган педагог-кадрларга татбиқ этилиб, ўқитувчиларни ўз устида ишлашга ундайди.

Касбий лицензияни жорий этиш мақсади ва аҳамияти юзасидан кенг жамоатчилик орасида тушунтириш ишлари давом эттирилмоқда. Якуний лойиҳа жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда такомиллаштирилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 23 август куни ўтказилган йиғилишда таълим сифатини ошириш, хусусан, Тошкент тажрибасини республиканинг бошқа ҳудудларида оммалаштириш юзасидан берган топшириғига асосан Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланди. Мазкур ҳужжат айни кунда жамоатчилик томонидан муҳокама этилмоқда.

– Фаолият олиб бораётган ҳар бир ўқитувчи ва таълим тизимидаги раҳбарларнинг янги йўналишда тажриба оширишини таъминлаш зарур, – деди Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. – Шу мақсадда Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти фаолиятини тубдан ўзгартириш режалаштирилган. Соҳа замонавий билимга эга, хорижий тилни мукаммал биладиган мутахассисларга муҳтож. Мактабларимизда ўзбек тилини ўқитиш сифатини ошириш, ўқув дастурлари ва дарсликларни такомиллаштириш бўйича ҳам ислоҳотлар олиб борилади. Жумладан, ўзбек тилини билиш даражасини баҳолаш учун 4 та (эшитиш, ўқиш, ёзиш ва суҳбатлашиш) кўникмага асосланган миллий баҳолаш тизимини яратиш режалаштирилмоқда. Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини халқаро фан олимпиадалари ва мусобақаларига тайёрлашга ихтисослаштирилган Халқаро фан олимпиадалари захираси мактабини ташкил этиб, 2020 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳри халқ таълими ходимлари меҳнатини қўшимча рағбатлантириш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ойлик маошларини ошириш чораларини кўриш назарда тутилган.

Таълим сифатини яхшилаш ва ўқувчиларнинг замонавий билим олиши учун Халқ таълими вазирлиги илғор хорижий тажриба асосида замонавий миллий таълим дастурини яратиш бўйича иш олиб бормоқда. Миллий таълим дастури асосида замонавий дизайн ва мазмунга эга дарсликлар босқичма-босқич ишлаб чиқилади. Бу йўналишда STEAM фанларини ўқитиш бўйича Президент мактаблари тажрибасини оммалаштириш режалаштирилган.

800
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА