ЎзА Ўзбек

11.09.2018 19:40 Чоп этиш версияси

Халқ табобати: амалиёт ва халқаро тажриба

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси шу мавзуда давра суҳбати ўтказди.

Унда депутатлар, соғлиқни сақлаш тизимининг етакчи мутахассислари, тажрибали ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, олимлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, татбиқ этилаётган мақсадли дастурлар билан бир қаторда, халқ табобатини ривожлантириш, уни ҳуқуқий томонидан мустаҳкамлаш мақсадида қонунчилик тизимини шакллантириш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Қайд этилишича, бугунги кунда дунё миқёсида халқ табобатини ҳуқуқий тартибга солиш сезиларли даражада жадаллашган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ўзининг аъзо давлатлари билан биргаликда ҳар бир мамлакатнинг миллий хусусиятларидан келиб чиқиб, мазкур соҳадаги сиёсатни ишлаб чиқишга кўмаклашмоқда. Ҳозирги кунда ЖССТга аъзо 130 га яқин мамлакатда халқ табобатининг ҳуқуқий мақоми белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида халқ табобатига ҳуқуқий баҳо берилмаган, яъни, унинг ҳуқуқий мақоми аниқланмаган. Бироқ амалиётда халқ табобатидан кенг фойдаланилмоқда.

Халқ табобати – яъни табиий дори воситалари истеъмолининг ортиб бориши уларнинг хавфсизлигини таъминлашни, соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг малакаси ва масъулиятини янада оширишни тақозо қилмоқда. Бу масалани ҳал қилишда соҳани тартибга солиш ва ҳуқуқий асосларини яратиш муҳим аҳамият касб этади.

Давра суҳбатида халқ табобати борасида ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, бу борадаги қонунчилик тизимини такомиллаштириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, мазкур йўналишда миллий амалиёт билан бир қаторда халқаро тажриба ҳам таҳлил қилинди.

Соҳанинг қонунчилик тизимини яратиш хусусида депутатлар, эксперт ва кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаси тингланди.Таклифлар умумлаштирилиб қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

И.Аҳатова, ЎзА
3 118