Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 16:43 Чоп этиш версияси

Халқ манфаатини кўзлаб қилинаётган ишларнинг амалдаги ифодаси

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ жойларда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолиятидан аҳоли мамнун.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонасига ўтган вақт мобайнида 7 мингдан зиёд ёзма ва оғзаки мурожаат келиб тушган. Рўйхатга олинган мурожаатларнинг 1 минг 155 таси ижобий ҳал этилиб, қолганлари тегишли ташкилотларга юборилган ва ижроси назоратга олинган.

Одамлар қабулхонага ўз муаммоларига ечим топиш мақсадида келади. Аммо ҳеч қандай ариза-шикояти бўлмаганлар ҳам бу ерга келмоқда. Халқ қабулхонасида бунга ўзимиз гувоҳ бўлдик.

– Президентимиз раҳнамолигида аҳоли манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлида амалга оширилаётган ишлардан беҳад миннатдорлигимни айтиш учун келдим, – дейди Жиззах шаҳрининг Кўтарма маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Шукур Сирожев. – Ҳайдовчиликдан нафақага чиққанман. Бугун фарзандларим эл-юрт хизматида. Яратганга шукр, ҳеч нарсадан камимиз йўқ, ҳеч қандай шикоятимиз ҳам йўқ. Қабулхонада яратилган қулайликларни кўриб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг одамлар дарду ташвиши билан яшаш, оғирини енгил қилиш, фаровонлигини ошириш йўлидаги эзгу ишларига улкан муваффақиятлар тилайман.

Отахон айтганидек, давлатимиз раҳбарининг бу муассасани ташкил этишда халқимиз манфаатини кўзлагани акс этиб турибди. Халқ қабулхонаси шаҳарнинг марказида, барча транспорт воситалари қатнайдиган кўча бўйида, мурожаат қилувчилар топиши ҳам, келиши ҳам қулай ҳудудда жойлашган. Кутиш зали, она ва бола, тиббиёт хоналари, соҳалар бўйича қабул бўлимлари замонавий мебель ва ахборот технологиялари билан жиҳозланган.

Қабул қилиш остонадан бошланади. Бу ерда ҳам шундай. Эшик олдида навбатчилар қабулга келганларни кутиб олиб, нима масалада, қайси хонага, кимга мурожаат қилишини кўрсатиб туради.

Мурожаат қилувчиларнинг аксарияти муаммоси тегишли ташкилотлар томонидан ҳал этилмаган фуқаролардир. Ойлаб, йиллаб ҳал этилмаган муаммолар шу ерда ҳал этилиши одамларнинг адолат қарор топишига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг самарасига бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

– Менга маош тўлашда 7-разрядли малакам ҳисобга олинмаётгани туфайли тегишли ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилдим, фойдаси бўлмади. Шунинг учун Халқ қабулхонасига келишга мажбур бўлдим, – дейди Зарбдор туманидан Бердиёр Мамасолиев. – Мурожаатим Халқ қабулхонаси томонидан ўрганилиб, менга разрядим бўйича тўланиши керак бўлган 3 миллион 325 минг сўм иш ҳақи ундириб берилди. Бундай адолатли тизимни йўлга қўйган Президентимиздан беҳад миннатдорман.

Мурожаати қонуний ҳал этилганидан хурсандлигини хат ёки телефон орқали изҳор қилаётган фуқаролар ҳам кўп. Шароф Рашидов тумани Зиёкор маҳалласида яшовчи Г.Мўминова туман электр тармоғи идорасининг қарздорлик бўйича асоссиз даъвосини рад этишда, Тоқчилик маҳалласидан Д.Шукурова 7 ойдан буён ололмаётган туғруқ даври таътил пулини ундиришда, Зарбдор туманидан Ў.Бердибеков банкдан ўғлининг ўқишига таълим кредити олишдаги муаммолари ҳал этилгани учун Халқ қабулхонасига хат йўллаб миннатдорлик изҳор этган.

– Халқ қабулхонасининг ташкил этилиши “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Тоҳир Муллажонов. – Президентимизнинг яқинда вилоятимизга ташрифи давомида Халқ қабулхонасида бўлиши фуқаролар мурожаатлари, уларни рози қилиш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида эканини яна бир тасдиқлади. Давлатимиз томонидан қўйилаётган талаблар, жамиятимизда рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар барча соҳаларда янгича ёндашувни, ҳар бир раҳбардан одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини вақтида ҳал этиш, хато ва камчиликларга бефарқ бўлмасликни талаб қилмоқда.

Мурожаатлар мазмуни хилма-хил. Кундалик турмушда учрайдиган барча муаммоларни қабулхонага қилинган мурожаатлар рўйхатида ҳам учратиш мумкин. Уларнинг кўпчилиги жойларда давлат бошқаруви органлари, аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар иш фаолиятидаги камчилик ва нуқсонлар ҳақида.

Қабулхона фаолият бошлаганидан буён ишга жойлашишда ёрдам сўраб 756, табиий газ, электр энергияси таъминоти масаласида 444, алимент ундириш бўйича 325, суд-ҳуқуқ масаласида 226, уй-жой, ер участкаси ажратишга оид 101, соғлиқни сақлашга доир 457, пенсия масаласида 750, банклардан кредит ажратиш юзасидан 455 мурожаат бўлган. Бу мурожаатларнинг аксарияти қисқа муддатда ҳал этилаётир, вақт талаб этадиганлари тегишли ташкилотларга юборилиб, ижроси назоратга олинмоқда.

Кўпчилик мурожаатлардаги масалалар жойлардаги тегишли идора, муассаса ва ташкилотларнинг ўзида ҳал этилиши лозим бўлган ишлардир. Ариза ва шикоятларни ўрганиш жойларда бошқарув ва хизмат кўрсатиш органлари, фуқаролар йиғинлари ўз вазифасини тўлиқ бажармаслиги ёки мурожаатларга эътиборсизлигини, мансабдор шахсларнинг масъулиятсизлигини кўрсатмоқда.

Халқ қабулхонасида ариза-шикоятлар соҳа ва ҳудудлар бўйича таҳлил қилиниб, бошқарув, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, хизмат кўрсатиш идоралари фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни талаблари ижросини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Банклар фаолияти билан боғлиқ ариза-шикоятлар таҳлили соҳадаги айрим муассасаларда фуқаролар мурожаатларини тўлиқ ўрганиб чиқмасдан умумий асосда жавоб бериш билан чекланиб қолаётганини кўрсатди. Ушбу таҳлиллар асосида Халқ қабулхонаси томонидан Марказий банк вилоят бош бошқармасига, “Агробанк” вилоят филиали бошлиғига, банкнинг Мирзачўл ва Шароф Рашидов туманлари бўлимлари масъул ходимларига нисбатан интизомий чоралар кўриш тўғрисида таклифлар киритилди. Қабулхона тавсияси билан Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Халқ банки вилоят филиаллари раҳбарлари, Марказий банк вилоят бош бошқармасининг ходимлар билан ишлаш бўйича бош эксперти жиддий огоҳлантирилди.

Фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда қонун талаблари бузилишига йўл қўйган вилоят, туман ва шаҳар ташкилотлари раҳбарларидан 4 нафари интизомий, 35 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди.

Фуқароларни Халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур этаётган сабабларни бартараф этиш жамиятимиздаги ислоҳотларнинг одамлар ҳаётида ўз аксини топишига хизмат қилади.

Халқ қабулхонасида вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари иштирокида қабуллар ўтказилмоқда. Халқ қабулхонаси ходимлари олис ҳудудларда давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари масъуллари иштирокида сайёр қабуллар ташкил этаётир. Масалан, Пахтакор туманида ўтказилган шундай тадбирда 89 фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. Сайёр қабул доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 55 киши иш билан таъминланди.

Вилоят туман ва шаҳарларидаги Халқ қабулхоналарида ҳам фуқаролар мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиши учун барча шароит мавжуд. Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлари ижросини таъминлаш бўйича яратилган янги тизим юртдошларимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик, эртанги кунга, адолат ва давлатга ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
5 435






Все о погоде - Pogoda.uz