Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.11.2017 10:57 Чоп этиш версияси

Халқимизнинг содиқ фарзандига эҳтиром

Андижонда атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира тадбири бўлиб ўтди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари, “Мерос” илмий-амалий халқаро экспедиция хайрия жамғармаси томонидан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир-ёзувчилар, фахрийлар, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Шароф Рашидовнинг давлат арбоби ва ижодкор сифатидаги кўп қиррали фаолияти хусусида сўз юритилиб, у раҳбарлик қилган йилларда республикамизда барча соҳаларда улкан ишлар амалга оширилгани таъкидланди.

– Шароф Рашидов номи халқимиз қалбидан ҳеч қачон ўчмайди, – дейди меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Сиёсатхон Абдуллаева. – Чунки собиқ тузум даврида юртимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, маданий ва маънавий-маърифий ҳаётимизда рўй берган ўзгаришлар барчаси шу инсон номи билан бевосита боғлиқ.

Тадбирда “Шароф Рашидов – ўзбек халқининг бахт-саодати йўлида фидокорона курашган буюк инсон, атоқли давлат ва жамоат арбоби”, “Шароф Рашидов – миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган ижодкор” сингари мавзуларда маърузалар тингланди.

Атоқли давлат арбоби билан бир даврда ишлаган, унинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган фахрийлар ўз хотираларини сўзлаб берди. Шароф Рашидов асарларидан намуналар ўқилди, шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди.

Тадбир доирасида Шароф Рашидов асарлари, унинг бевосита Андижон ва андижонликлар билан боғлиқ фаолияти акс этган фотосуратлар кўргазмаси ташкил этилди.

– Ушбу кўргазмада атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидовнинг ҳаёти, фаолияти ва ижоди ҳақида кенг маълумот олдик, – дейди Андижон давлат университети талабаси Гулчеҳра Зоҳидова. – Ана шундай улуғвор ишларни амалга оширишга қодир халқимизнинг буюк вакиллари борлигидан қалбимиз фахрга тўлди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
3 583






Все о погоде - Pogoda.uz