Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2017 12:47 Чоп этиш версияси

Халқимизни рози қилиш бурчимиз

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг муассасамизга ташрифи мамлакатимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантиришга давлат миқёсидаги эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди.

Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш, замонавий тиббий ёрдамни одамларга янада яқинлаштириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, халқимизни сифатли дори-дармон воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлаш бўйича қабул қилинган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, шу йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари Президентимизнинг соҳа ходимлари билан ўтказган учрашувлари бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Муассасамиз инсонлар саломатлигини тиклаш, турли шикастланиш ва хасталиклар туфайли юзага келадиган асоратлар хавфининг олдини олиш, қисқача айтганда, халқимизнинг узоқ умр кечиришини таъминлашга баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқда.

Бугунги тараққиёт, мамлактимизда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар тиббий хизмат сифатини янада юксалтириш, фаолиятимизга замонавий технологияларни жорий этишни тақозо этмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан муассасамизни тўлиқ реконструкция қилиш, бўлимларни жаҳон стандартларига мос тиббий технологиялар, асбоб-ускуналар билан таъминлаш, янги қабулхона, реанимация, компьютер-томография, операция қилиш хоналари қуриш мўлжалланаётгани нафақат жамоамизни, балки вилоятимиз аҳлини ғоят қувонтириб юборди.

Давлатимиз раҳбари шошилинч тиббий ёрдам тизимини дунё талаблари даражасига олиб чиқиш, унинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, айниқса, тиббиётнинг бирламчи бўғини – қишлоқ врачлик пунктлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича зарур топшириқлар берди.

Муассасамиз моддий-техник базаси янада мустаҳкамланиши, замонавий ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари билан жиҳозланиши беморларни тезкор амбулатор текширувдан ўтказиш, заруратга қараб стационар шароитда илғор усулларда даволашга имкон яратади.

Бундай имконият ва эътибор жамоамизни хурсанд қилиш баробарида зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди. Зеро, одамлар энг улкан бойлиги – ўз саломатлигини асрашни бизга ишонар экан, бу эзгу мақсад йўлида бор куч ва салоҳиятимизни аямаслигимиз, ҳатто бутун борлиғимизни бахшида этишимиз керак. Президентимиз таъкидлаганидек, шундагина халқимиз биздан рози бўлади.

Жамшид Тоҳиров,
Республика шошилинч тиббий ёрдам
илмий маркази Бухоро филиали директори.

ЎзА
1 565






Все о погоде - Pogoda.uz