Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.05.2018 20:50 Чоп этиш версияси

Халқимиз ва миллатимиз ибрати

Халқимиз ва миллатимиз ибрати Исҳоқхон Ибрат номи бундан бир-икки йил аввал ҳам фақат илмий доиралардагина маълум эди, холос. Президентимиз Наманганда сайловолди учрашувида бу улуғ алломани алоҳида эҳтиром билан ёд этиб, унинг халқимиз учун қилган беқиёс хизматлари юксак эътирофга муносиб эканини айтганидан кейингина Исҳоқхон Ибратнинг буюк шахс бўлганини англай бошладик.

Ибратни биламизми?

Давлатимиз раҳбари нега айнан Ибрат домлани бу қадар чуқур эҳтиром билан тилга олди? Зеро, ўша учрашувда санаб ўтилганидек, Наманган заминидан етишиб чиққан бошқа намояндалар ҳам кўп эди. Ҳақ йўлига бошини тиккан Раҳимбобо Машраб, миллий истиқлол орзусида жон фидо қилган Усмон Носир ва бошқалар.

2.jpg

Албатта, бундай савол туғилмаслиги учун биз Ибрат домлани яхши билишимиз керак эди. Хўш, Исҳоқхон Ибрат ким бўлган ва қандай ишлари билан тарихимизда чуқур из қолдирган?

Ўзбек адабиёти ва маданияти тарихида миллий уйғониш даврининг комил арбоби сифатида муҳим ўрин тутган Исҳоқхон Тўра Жунайдуллахон тўра ўғли Ибрат қомусий олимларга хос серқирра салоҳият соҳиби эди. Унинг илм ва ижоддаги фаолиятини умумлаштирган ҳолда мухтасар қилиб, атоқли маърифатпарвар ва тараққийпарвар, деб таърифлаш мумкин. Шоир, педагог, тилшунос, тарихчи, матбаачи, ношир, публицист, наққош, хаттот, рассом, боғбон... Ибратга хос ана шу санаб ўтилганларнинг ҳар бири алоҳида илмий тадқиқот талаб қиладиган мавзу эканини энди-энди билаётган бўлсак, ажаб эмас.

Исҳоқхон Ибрат 1862 йилда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида туғилган. Отаси Жунайдулла тўра Суннатилла тўра ўғли ўз даврининг зиёлиси эди. Ходим тахаллуси билан шеърлар ёзган. Онаси Ҳурибиби замонасининг ўқимишли аёлларидан бири бўлиб, қишлоқ қизларини ўқитган. Назмда дурустгина қалами бўлган. Бобоси ҳам шоир бўлиб, Афсус тахаллуси билан элга танилган.

Исҳоқхон саводни онаси Ҳурибиби ёрдамида чиқаради. 1878-1886 йилларда Қўқондаги Муҳаммад Сиддиқ Тунқатор мадрасасида таҳсил олади. Бу ерда араб, форс тилларини ўрганади. Тарих, тилшунослик каби фанлар билан жиддий шуғулланади. Ибрат шоирлар ва фозиллар шаҳри – Ҳўқанди латиф адабий муҳитидан, Муқимий, Фурқат, Завқий ва бошқа шоирлар даврасидан баҳра олади. Бу кейинчалик унинг ижодий ўсишида муҳим аҳамият касб этади.

Ибрат – маърифатпарвар

Мадрасани тамомлаб Тўрақўрғонга қайтган Ибрат халқ фарзандларини илмли, маърифатли қилишдек эзгу мақсадда 1886 йилда янги усулда мактаб очиб, муаллимлик қила бошлайди. Мактабда дунёвий илмларни ўқитишга алоҳида эътибор беради. Тор тушунчали айрим “мулла”ларнинг иғвоси билан маъмурлар бу мактабни ёпиб қўяди.

3.jpg

XIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистонда, жумладан, Фарғона водийсида янги ижтимоий тафаккур шакллана бошлаган эди. Илғор зиёлилар халқни зулматдан чиқариш, онгини ёритиш, тараққиётга, миллий уйғонишга даъват этиш борасида фаол иш олиб бордилар, бутун фаолияти ва ижодини шунга қаратдилар. Ибрат мана шу маърифатпарвар ва тараққийпарвар зиёлилар гуруҳининг олдинги сафларида эди. Ўз адабий-ижодий ва амалий фаолиятини асосан шу мақсадга йўналтирди. Ўз шеърларида халқни илм-маърифатни эгаллашга, хорижий тилларни ўрганишга чақирди, миллий уйғонишни тарғиб қилди:

Ўқингиз, илми ҳикмат сизга, бу иш катта Ибратдур,

Агар илм ўрганурсиз барча ишда сизга нусратдур.

Агар илм ўлмаса, нодон умри барча кулфатдур,

Бу ашёи жадиди мубаддини асли ҳикматдир.

1887 йилда Ибрат онаси билан узоқ чет эл саёҳатига отланиб, Туркия, Эрон, Миср ва Арабистон бўйлаб илмий-ижодий сафарда бўлади, ҳаж ибодатини бажаради. Волидаси Ҳурибиби Жидда шаҳрида вафот этади. Уни тупроққа топширгач, Ибрат Европа мамлакатларига йўл олади. Болгария, Греция, Италияда бўлади. Сўнгра Ҳиндистонга ўтиб, Бомбей ва Калькутта шаҳарларида бир муддат истиқомат қилади. Мусофирчиликда унга ёшликда ўрганган ҳуснихат ва наққошлик санъати кор келади. Ўша ёқларда у араб ва форс тилларидан олган билимини мустаҳкамлайди. Инглиз, ҳинд ва урду тилларини ўрганади. У рус тилини ҳам пухта билган ҳамда Санкт-Петербург, Москва шаҳарларига бир неча марта борган.

Ниҳоят, Афғонистон ва Қошғарда ҳам бўлган Ибрат 1895 йилда Тўрақўрғонга қайтади. У Европа янгиликлари, маданияти ва илм-фан ютуқларидан ўз халқи ҳам баҳраманд бўлишини истайди. Буларни юртига олиб киришга, жорий этишга ҳаракат қилади. Айниқса, мактаб-маориф соҳасига катта эътибор қаратади. 1907 йилда Тўрақўрғонда янги шароит ва янги услубда иш олиб борадиган мактаб ташкил қилади. Таълим-тарбия соҳасида жадидчилик қарашларини қаттиқ туриб ҳимоя қилади. Таълим беришда “усули савтия”ни қўллашнинг назарий ва амалий асосларини ишлаб чиқади. Мактаб учун ўз уйидан хона ажратади. Уни янгича ўқув жиҳозлари – парта, стол, стул, хаттахталар билан жиҳозлайди. Ўқиш-ўқитиш ишларини ўзи тузган дастурга мувофиқ олиб боради. Ўқув дастурига дунёвий илмлар, бошқа тилларни ўрганишни киритади. Зарур дарсликларни ўзи яратади. Чунончи, “Санъати Ибрат қалами Мирражаб Бандий” (1908) китобини савод чиқаришга ва ҳуснихат намуналарини ўрганишга бағишлаган. Мактаб харажатлари ва болаларни ўқитгани учун у ота-оналардан ҳеч қандай ҳақ олмайди.

5.JPG

Бундан ташқари, Исҳоқхон Ибрат қишлоқ аҳолиси учун “Кутубхонаи Исҳоқия”ни ташкил қилади, 1919 йилда Наманганда хотин-қизлар мактабини очади. 1920 йилдан бошлаб Тўрақўрғонда саводсизликни тугатиш ишларига бошчилик қилади.

Ибрат – тараққийпарвар

Исҳоқхон Ибратни бошқа маърифатпарвар замондошларидан ажратиб турадиган фазилат – бу фан-техника янгиликларини ўлкамизга олиб кириш йўлидаги фидойилигидир. У хорижий сафарлардан граммафон, мусиқий қути, киноаппарат, фотоаппарат келтиради. Ўз уйида кинофилъмлар кўрсатишни ташкил қилади, суратхона очади.

1908 йилда Оренбургдан тошбосма анжомлари сотиб олиб, кўп машаққатлар билан аввал Қўқонгача поездда, кейин Қўқондан Тўрақўрғонга туяларда келтиради. Шу йилнинг ўзида “Матбааи Исҳоқия” номи билан босмахона ташкил этади. Наманган матбаачилигига асос бўлган босмахона ўтган асрнинг 60-йилларигача фаолият кўрсатган. Бу ерда ўтган давр мобайнида бир қатор илмий-маърифий китоб ва рисолалар, миллий газеталар чоп этилган, уларни тарқатиш учун Фарғона водийси бўйлаб ўнлаб китоб дўконлари фаолият юритган.

7.JPG

– Биз Ибрат домла билан қўшни ҳовлида яшаганмиз, – деб хотирлайди Ўзбекистон Қаҳрамони Халчахон Мирзаева. – Болалик хотирамда элас-элас сақланиб қолгани шуки, биз уларнинг уйига ўйнагани чиқардик, боғларидаги фаввора бизни ҳайратга солар эди. Менимча, ўша пайтларда Наманганда ҳеч кимнинг уйида фаввора бўлмаган. Ибрат домла қизлари Адибани трактор ҳайдашга ўргатган эканлар, “Бундан кейин ер омочда ҳайдалмайди, хотин-қизлар ҳам техникадан хабардор бўлиши керак, бўлмаса замондан орқада қоладилар”, деган эканлар домла.

Дарҳақиқат, Ибрат домла яратган боғ нафақат шунчаки дарахтлар билан тўлдириб ташланган майдон, балки мукаммал лойиҳа, илмий ёндашувлар асосида яратилган том маънодаги муҳандислик иншооти бўлган. Ибрат уч таноб отамерос ерига хориждан келтирилган ноёб манзарали дарахт ва гул кўчатларини тур ва табиатига қараб шундай аниқ ҳисоб-китоб асосида жойлаштирганки, буни ҳозиргача сақланиб қолган боғ тарҳида кўриш ва унинг соҳибкор боғбон, нозиктаъб гулчи ва бугунги кун тушунчаси билан айтганда, моҳир ландшафт дизайнери бўлганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Кўпчилик баҳра олган бу боғ “Гулбоғ”, “Исҳоқия боғи” номлари билан машҳур бўлган.

Ибрат – тилшунос, шоир, тарихнавис, публицист

Президентимизнинг алоҳида эътиборини тортган фазилатларидан бири Ибрат домланинг кўп тилни билганлигидир. Юқорида зикр этилганидек, араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз ва француз тилларини пухта билган, энг қадимий финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларидан хабардор бўлган. Бобомиз яратган “Луғати ситта ал-сина” (“Олти тилли луғат”)ни тилшунослик тарихида шу кунгача бўлмаган ноёб илмий тадқиқот, деса муболаға бўлмайди. Зеро, икки, уч тиллик луғатлар кенг тарқалгани ҳолда, олти тиллик луғат ҳозиргача яратилмагани шундай хулоса қилишга асос беради.

11.JPG

Шунингдек, Ибрат домла серқирра ижодкор сифатида “Жомеъ ул-хутут” (“Хатлар мажмуи”), “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият”, “Мезон уз-замон” ("Замон тарозуси"), “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий” каби тилшуносликка оид ўндан ортиқ илмий-тарихий ҳамда маърифий асарлар яратган. У кишининг қаламига мансуб юзлаб халқчил шеърлар миллий адабиётимизни бойитишга ҳисса бўлиб қўшилган. Шоир лирикаси асосан ғазал, мураббаъ, мухаммас, рубоий, шунингдек, маърифатпарварлик руҳидаги ва ҳажвий шеърлардан иборат. Биринчи шеърлар китобини Ибрат 1909 йилда “Илми Ибрат” номи билан чоп эттирган. Маърифатпарварлик руҳидаги шеърлари “Мезон уз-замон” номи билан босилган. Шоирнинг “Девони Ибрат” номли қўлёзма шеърлардан иборат китоби тергов қилганлар томонидан йўқотиб юборилган.

Собиқ шўро давридаги кўплаб оқил ва фозил кишилар қатори Исҳоқхон Ибрат ҳам 1937 йилда 75 ёшида ҳибсга олинган ва икки ой ўтгач, Андижон қамоқхонасида вафот этган.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
3 243