Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.04.2017 17:00 Чоп этиш версияси

Халқимиз ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган амалий ҳаракатлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида халқимиз ҳаёт сифатини оширишга қаратилган кўплаб амалий ишлар бажарилди.

Жумладан, 1 минг 130 километр ички хўжалик йўллари, қишлоқ ва овуллар кўчалари тўлиқ ва жорий таъмирланди. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида тижорат банклари томонидан қарийб 80 миллиард сўм микдорида кредит ажратилди. Қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш йўналишидаги ҳудудий дастурлар доирасида 2 минг 633 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 17 минг 599 иш ўрни ташкил этилди.

Пойтахтимизда Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси доирасида жорий йил биринчи чораги учун белгиланган вазифалар ва уларнинг амалий натижаларига бағишланган матбуот анжуманида шу ҳақда гап борди. «Тараққиёт стратегияси» маркази ташаббуси билан Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари С.Ортиқова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари С.Отамуродов, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори А.Бурҳонов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча даражадаги давлат идораларининг халқ билан мулоқотлари изчил амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу юртдошларимизнинг нафақат ўз муаммоларига ечим топишга, балки уларнинг ижтимоий ҳаётда янада фаолроқ бўлиш, жамият тараққиёти учун дахлдорлик туйғуси кучайишига замин яратди.

Бу жараёнда туман ва шаҳарларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Халқ қабулхоналари ташкил этилгани, сенатор ва депутатлар томонидан жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш бўйича тизим йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этаётир. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари раҳбарларининг виртуал қабулхоналари ҳам шакллантирилди.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида темир йўл транспорти соҳасида юқори тезликда ҳаракатланадиган «Та1gо 250» русумли йўловчи поездини сотиб олиш, темир йўл линияларини қуриш, таъмирлаш, электрлаштириш ҳамда вагонлар таркибини янгилаш каби 6 лойиҳа доирасида 107,7 миллион доллар маблағ ўзлаштирилди. Тайёр чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича умумий қиймати 12,7 миллион доллар бўлган 10 лойиҳа амалга оширилди. Тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига 32 миллион доллар миқдорида инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига 3 янги ва модернизация қилинган замонавий енгил саноат корхонаси ишга туширилди.

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида 1,8 минг километрдан ортиқ коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда 15 гидротехник иншоот реконструкция қилинди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мева-сабзавот, картошка ва узум ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, ички бозорда уларга бўлган нархлар ошишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида барча тоифадаги хўжаликларнинг асосий майдонларига 106,5 минг гектар сабзавот, 64,9 минг гектар картошка ва 9,4 минг гектар полиз экинлари экилди.

Тижорат банклари томонидан фуқароларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва гўшт етиштириш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш, аёлларнинг тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2,5 триллион сўм кредит ажратилди.

Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизими тубдан такомиллаштирилди. Суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларга оид кўплаб янги қонун ҳужжатлари қабул қилинди, қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлардан аҳолининг қанчалик хабардорлиги, бўлаётган ўзгаришларга муносабати акс этган видеолавҳа намойиш этилди. Унда кўпчилик фуқаролар таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга эътибор кучайганидан мамнунлигини билдириб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар йўлга қўйилганини ижобий баҳолаган.

"Тараққиёт стратегияси" маркази томонидан олиб борилган таҳлилий ўрганишлар, шунингдек, аҳолидан келиб тушган мурожаат ва таклифларни инобатга олган ҳолда таклиф этилган Олий суд, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Иқтисодиёт, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Марказий банк масъул ходимлари анжуман иштирокчиларининг ҳамда ҳудудий ОАВ вакиллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан йўлланган саволларга жавоб қайтарди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
7 565






Все о погоде - Pogoda.uz