Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2018 19:37 Чоп этиш версияси

Халқ ичига кириш, муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топишга оид фаолият кенгаяди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг ўтган йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва янги режаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилишида бу алоҳида қайд этилди.

Қўмита раиси Илҳом Абдуллаев қўмита томонидан ўтган йил ўнга яқин қонун кўриб чиқилган бўлса, уларнинг еттитаси қабул қилинганини маълум қилди.

Қўмита масъуллигида қабул қилинган ҳужжатлардан бири – “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонундир.

– Ахборот воситаларидан аксарият ҳолларда жамият ривожи ва тинчлигига рахна солиш, ёшлар, айниқса, болалар соғлиғига зиён етказиш, иродасини заифлаштириш каби ғаразли мақсадларда фойдаланилаётганлиги сир эмас, – дейди қўмита аъзоси Расул Кушербоев. – Шу боис фарзандларимизни соғлом қилиб вояга етказиш, уларни турли зарарли иллатлар, хуружлардан ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Соҳага оид қонунда болаларни ўз ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этиш, жумладан, соғлиғига зарар етказиш, ўз жонига қасд қилишга ва шу ҳаракатларни тарғиб қилишга ундайдиган ахборотларни тарқатиш тақиқланади. Мазкур қонуннинг 2018 йил март ойида кучга кириши фарзандларимиз ҳимоясида янги ҳуқуқий имкониятлар яратади.

Кундалик ҳаётда ишимиз тез-тез тушиши мумкин бўлган соҳалар – поликлиника, банк, нотариат ва бошқа муассасаларга борганда узоқ навбат кутиш одамларни қийнаётган муаммолардан саналади. Бунга барҳам бериш мақсадида электрон навбатлар жорий этиламоқда.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиникада “электрон навбат” тизими ишга туширилди. Бу аҳолига шифокор қабулига интернет орқали ёзилиш имкониятини яратди. Шифокор қабулига келган бемор учун ҳам шу ернинг ўзида электрон навбат олиши мумкин.

Бу амалиёт Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда аҳолига қулайликлар яратишга қаратилган ишлар доирасида жорий этилди.

– Кутиш вақтини фойдали ташкил қилиш мақсадида поликлиника ҳудудида wi-fi зона ҳам ташкил этилди, – дейди қўмита аъзоси Улуғбек Самадов. – Бу орқали навбатини кутаётган фуқаро бепул интернет орқали саломатликка доир фойдали маълумотлар билан танишиб бориши мумкин. Поликлиникага ўрнатилган мониторларда соғлиқни сақлашга оид фойдали маълумотлар тақдим этиб борилади. Бир сўз билан айтганда, поликлиникага келган фуқаронинг қулайликлардан кўнгли равшан тортади. Поликлиникада барча даволанувчиларнинг 24 минг тиббий амбулатор карталари электрон форматга ўтказилди. Намунали тарзда ташкил этилган бундай шарт-шароитлар келгусида барча поликлиникаларга татбиқ этилади.

Ёшларнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада ошириш давлатимизнинг эътиборидаги масалалардандир. Шу жиҳатдан замонавий кутубхоналарда фойдаланувчиларга ахборот-коммуникация технологиялари орқали сифатли хизмат кўрсатиш долзарб аҳамиятга эга.

Қўмита назорат-таҳлил фаолиятида бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда. «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги қонун ижросини ўрганиш жараёнида яхши натижалар билан бир қаторда кўплаб камчиликлар ҳам аниқланган.

Қайд этилганидек, олий ўқув юртлари учун адабиётлар харид қилиш кейинги уч йилда 2,8 баробарга ошган. Китоб матнларини электрон шаклга ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда. Бироқ ушбу маълумотлар Ахборот ресурс марказларининг автоматлаштирилган маркази (АРМАТ) га тўлиқ киритилмаган.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази тизимидаги 1,5 мингдан ортиқ ахборот кутубхона муассасаларининг кўпчилиги интернетга уланган. Аммо олис ҳудудларда жойлашган 60 ахборот-кутубхона муассасаси бундай имкониятдан ҳамон маҳрум. 370 таълим муассасасида АРМАТ дастури ўрнатилмаган. Баъзи таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказларида техник таъминот мавжуд эмас.

“Ziyonet” таълим ахборот тармоғига умумий ўрта таълим мактабининг 9 мингдан зиёди уланган, деб маълумот берилган. Бироқ ўрганиш асносида туманларда жойлашган 80 фоиз мактаб кутубхоналари интернетга уланмаганлиги маълум бўлди.

Аниқланган бундай камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Қўмита томонидан жорий йилда бу каби фаолият янада кенгайтирилади. Халқ ичига кириш, муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш депутатларнинг доимий эътиборида бўлади. 2018 йилда мазкур қўмита томонидан ноширлик, фуқаролар соғлиғи, нашрларнинг мажбурий нусхаларига оид қонунлар ишлаб чиқилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА
10 840