Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2017 20:43 Чоп этиш версияси

“Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан "Ҳунарманд" уюшмаси, қатор вазирлик ва идоралар кўмагида ташкил этилди.

Бозор конъюнктураси ўзгаришлари ва истеъмолчилар талабига тез мослашадиган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик миллий иқтисодиётимизга салмоқли ҳисса қўшадиган, жамиятимизнинг барқарор тараққиётига хизмат қилаётган қудратли сектор, даромад олиш ва миллионлаб одамлар, умуман, жамият фаровонлигининг манбаи ҳисобланади.

Бугун Тошкент шаҳрида 40 мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда.

Танлов доирасида иштирокчилар маҳсулотларининг кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Иқтисодиёт ва саноатнинг турли йўналишлари учун мўлжалланган хилма-хил товар ва буюмлар, миллий ҳунармандчилигимизнинг бой мероси иштирокчилар, кўргазмага ташриф буюрган аҳоли ва хорижий меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда автомобиллар эҳтиёт қисмлари, қурилиш материаллари, мотоцикллар, маиший жиҳозлар, мебель, тўқимачилик, гигиена ва косметика маҳсулотлари, электр двигателлар, пластик ўйинчоқлар, ёғоч ва мисдан тайёрланган идишлар, самовар, ипак, пергамент ва терига солинган расмлар намойиш этилди.

"Ташаббус – 2017" танловининг шаҳар босқичи иккита асосий – "Йилнинг энг яхши тадбиркори" ва "Йилнинг энг яхши ҳунарманди", шунингдек, "Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори", "Энг яхши тадбиркор аёл", "Энг яхши инновацион лойиҳа", «Ёшлар учун энг кўп иш ўрни ташкил қилган тадбиркор» ва бошқа қўшимча номинациялар бўйича ўтказилди. Корхоналарда янги иш ўринлари яратиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш танловнинг асосий мезони бўлди. Айниқса, экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқараётган тадбиркорлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Бектемир туманидаги "Камолот истиқлол кўмакчиси" масъулияти чекланган жамияти директори Шерзод Турсунов "Йилнинг энг яхши тадбиркори" деб эълон қилинди. У раҳбарлик қилаётган корхонада ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар амортизатори нафақат мамлакатимизда сотилмоқда, балки Қозоғистон ва Россияга экспорт қилинмоқда. Айни пайтда корхонада меҳнат қилаётган қарийб 100 ишчининг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир.

"Йилнинг энг яхши ҳунарманди" номинациясида ўймакор уста Илҳомжон Саломов ғолиб деб топилди. Уста томонидан ёнғоқ дарахтидан ясалган бежирим ғаладон, лаган ва қаламдонларни хорижда ҳам яхши билишади. Моҳир уста ижод билан бирга, миллий ҳунармандлик анъаналарини асраб-авайлаш ва бойитишга ҳам ҳисса қўшмоқда, шогирдларига маҳорат сирларини ўргатмоқда.

Ғолиблар танловнинг республика босқичида иштирок этади.

Роман Бондарчук, ЎзА
5 064






Все о погоде - Pogoda.uz