Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.02.2017 12:11 Чоп этиш версияси

Олис овулларга янги автобуслар қатнови йўлга қўйилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига қилган сафари чоғида Шуманай туманида бўлиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш даражасини юксалтириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Давлатимиз раҳбари туман аҳолиси билан бўлган очиқ мулоқотда савдо, хизмат кўрсатиш каби бир қатор йўналишлардаги мавжуд муаммоларни тинглаб, уни ҳал этиш юзасидан таклифлар билдирди.

Шуманай тумани аҳолисига транспорт хизмати кўрсатиш сифати ортаётгани ана шу эътибор самарасидир.

Давлатимиз раҳбарининг амалий кўмагида туманда “Shumanay Gold ekspres” ва “Shumanay Vega trans” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилиб, улар имтиёзли кредит ҳисобига 10 “Исузу” автобуси ва 15 “Дамас” автомобили билан таъминланди.

Янги автобуслар Шуманай-Нукус, Шуманай-Хўжайли, Шуманай-Қўнғирот йўналишлари бўйича, шунингдек, Мўншақли, Бегжап, Деҳқонобод сингари олис овулларга қатнай бошлади.

– Мен Озод овулида яшаб, ҳар куни туман марказидаги коллежга ўқишга қатнайман, – дейди Элиза Давлетбоева. – Шу пайтгача коллежга бориб келишга жуда қийналар эдик. Янги автобуслар қатнови йўлга қўйилгач, барча муаммолар барҳам топиб, вақтимиз ҳам тежалмоқда. Президентимизнинг аҳолига, айнииқса, ёшларга кўрсатаётган бундай ғамхўрлигидан миннатдормиз.

Ўз ишини 2010 йилда суратхона очишдан бошлаган ёш тадбиркор Сейдабулла Медетов 2014 йилда ўқув қуроллари ва китоб савдосини йўлга қўйди. У Президентимиз билан учрашган чоғида туман марказида икки қаватли китоб дўкони қуриш ниятини билдирган эди.

– Президентимиз бу таклифимни қўллаб-қувватлагани мени руҳлантириб юборди, – дейди С.Медетов. – “Китоб олами” лойиҳамни амалга ошириш учун “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан 500 миллион сўм ажратилди. Айни пайтда қурилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаб, иморатни бунёд этишга киришдик. Ушбу замонавий китоб дўконини ишга тушириб, ёшларнинг китобга бўлган қизиқиш ва интилиши руёбга чиқишига кўмаклашиш умидидаман.

Халқ фаровонлигини таъминлаш йўлидаги бундай эзгу ишлар изчил давом этмоқда.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
738






Все о погоде - Pogoda.uz