Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.04.2017 17:05 Чоп этиш версияси

Халқ билан мулоқотнинг янги механизми самарали ишламоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари сайёр қабуллар ташкил этаётгани муаммоларни жойида ҳал этишга хизмат қилмоқда. Шундай сайёр қабуллар Тошкент вилоятида ҳам бўлиб ўтмоқда.

Жорий йилнинг 8 апрель куни Зангиота тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган сайёр қабулда Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Зангиота ва Янгийўл туманлари аҳолиси томонидан йўлланган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.

Очиқ мулоқотда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизимга асос солингани, барча даражадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилга қатъий амал қилинаётгани, бу ўз навбатида, ҳаётимизда адолат тамойиллари янада мустаҳкам қарор топиши, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Марказий банк, Бош прокуратура, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия вазирликлари, давлат қўмиталари раҳбарлари, Тошкент вилояти, Зангиота ва Янгийўл туманлари ҳокимликлари масъул ходимлари фуқаролар мурожаатларини бевосита муҳокама қилди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2017 йилни юртимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилар экан, бу борада истиқболдаги вазифалар нималардан иборат эканини белгилаб берди, – дейди Тошкент вилояти ҳокими Ш.Бобоев. –Давлатимиз раҳбари тантанали маросимда “Давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва самарали усулларини жорий этишимиз даркор”, деб алоҳида уқтирди. Бугун халқимиз бу эзгу ғоя ва ташаббусларнинг амалий натижаларини ўз ҳаёти мисолида кўриб, ҳис қилиб турибди. Президентимиз вилоятларга сафари давомида хонадонларда бўлиб, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаб, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар бермоқда. Депутатлар, сенаторлар, давлат органлари раҳбарлари ва масъул ходимлари ҳам жойларга чиқиб, мавжуд камчиликлардан келиб чиқиб, ўз фаолиятини таҳлилий-танқидий кўриб чиқмоқда. Бу жараёнда биз ҳам фаол бўлиб, ўз ишимизга янада масъулият билан ёндашишга, халқнинг ичига кириб боришга, муаммоларни жойида ўрганишга ҳаракат қилмоқдамиз. Мазкур сайёр қабуллар давлат идоралари раҳбарларининг халқ билан янада яқин бўлишига, муаммоларга жойида ечим топишга ёрдам бермоқда.

Сайёр қабулда тегишли соҳалар доирасидаги муҳокамалар учун алоҳида хоналар ажратилгани мулоқотларни янада самарали ташкил қилиш имконини бераётир, масаланинг жойида ҳал қилинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 7 апрель кунига қадар Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига Зангиота ва Янгийўл туманлари аҳолисидан 20 минг 700 дан ортиқ мурожаат тушган. Мурожаатларнинг қирийб 15 мингтаси Зангиота тумани аҳолисидан бўлиб, бугунги кунда уларнинг 94 фоизи кўриб чиқилган, қолганлари ижрода. Янгийўл тумани аҳолисидан келиб тушган 5 минг 700 дан ортиқ мурожаатнинг 5 минг 194 таси кўриб чиқилган, 574 мурожаат кўриб чиқилиш жараёнида. Мурожаатлар асосан уй-жой, банк-молия, моддий ёрдам, иш ҳақи ва пенсия, фуқаролик, паспорт ва прописка, судларда ишлар кўрилиши, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги, меҳнат ва бандлик, соғлиқни сақлаш, таълим, иссиқлик ва электр энергияси, табиий газ таъминоти каби йўналишлар билан боғлиқ.

– Туманимиз аҳолисидан келиб тушаётган мурожаатларнинг тизимли, доимий таҳлилига таяниб маҳаллалар, чекка қишлоқларда аҳоли билан учрашувлар ташкил қилмоқдамиз. Хонадонларга кириб, одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганмоқдамиз, – дейди Янгийўл тумани ҳокими С.Абдуллаев. – Мурожаатлар бўйича таҳлиллар шуни кўрсатадики, жорий йилнинг январь ойида Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига туманимиз аҳолисидан турли йўналишларда 317 мурожаат тушган. Март ойига келиб бу рақам 201 тага қисқарган. Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига мурожаатлар орасида туман ҳокимлигининг ўзида ҳал қилиниши мумкин бўлганлари салмоғи кам эмас. Бу биз, туман ҳокимларини ўз ишимизга танқидий қараб, шахсий масълулият ва жавобгарликни ошириш, одамларга янада яқин бўлишимиз кераклигини англатади.

Қизғин мулоқотларда давлат идоралари раҳбарлари ва фуқаролар ўртасида ҳадик, ишончсизлик кўринишидаги чегарани ҳис қилмайсиз.

– Зангиота тумани Ҳаракат маҳалласидаги 6-умумтаълим мактабида 2 фарзандим таълим олади, – дейди Ҳасан Исохўжаев. – Муассасадаги шароитлардан кўнглимиз тўқ. Лекин жорий ўқув йилида 6-синфда ўқиётган ўғлим мактаб маъмурияти томонидан дарсликлар билан етарлича таъминланмади. Бу муаммо билан Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилишдан олдин мактаб директорига илтимос қилдим, китоб дўконларидан дарсликларни қидирдим: улар сотувда бўлмас экан. Хуллас, топа олмадим. Куни кеча уйимизга 20 дан ортиқ дарсликни етказиб беришди. Бугун мен бу ерга Президентимиздан миннатдор эканимизни айтиш учун келдим.

Янгийўллик Гулжаҳон Бегманова “Чортоқ” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси номидан қилган мурожаатида ҳудуд патронаж хизмати фаолиятидан кўнгли тўлмаётгани, энг яқин тиббий маскан ҳам маҳаллага анча узоқлигини инобатга олиб, янги қишлоқ врачлик пунктига эҳтиёж бўлаётганини таъкидлаган.

– Мурожаатимиз эътиборсиз қолдирилмай кўриб чиқилганидан хурсандмиз, – дейди Г.Бегманова. – Бу масала бўйича маҳаллага ва туман ҳокимлигига мурожаат қилиб, ижобий жавоб ололмаган эдик. Мурожаатимиз бўйича тегишли комиссия тузилиб, ўз ишини бошлаши, бугуноқ маҳалламиз аҳолиси сони, жойлашувини ўрганиш учун вакиллар боришини айтишди. Муаммонинг бу қадар тез ҳал бўлиши қанча-қанча одамларнинг мушкулини осон қилади. Бунинг учун шундай очиқ тизим жорий қилган давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

Шундай сайёр қабул 9 апрель куни Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлигида Оққўрғон, Чиноз ва Қуйи Чирчиқ туманлари аҳолиси учун ҳам ташкил этилди.

Жорий йилнинг 7 апрель кунига қадар Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Оққўрғон, Чиноз ва Қуйи Чирчиқ туманлари аҳолисидан 5 минг 800 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Чиноз тумани аҳолисидан тушган 2 мингдан ортиқ мурожаатнинг 1 минг 800 дан ортиғи кўриб чиқилган. Қолган 9,4 фоиз мурожаат кўриб чиқилиш жараёнида.

Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига Оққўрғон тумани аҳолисидан 1 минг 900 дан ортиқ, Қуйи Чирчиқ тумани аҳолисидан 1 минг 800 дан зиёд турли масалаларда мурожаатлар бўлган. Бугунги кунда бу мурожаатларнинг 90 фоиздан ортиғи кўриб чиқилган.

– Юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатлар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, уларнинг юзага келиш сабаблари ўрганилди. Бунда кўп ҳолларда қуйи бўғиндаги давлат идоралари раҳбарлари – ўзимиз масъулиятни сусайтирганимиз кўриниб қолмоқда, – дейди Оққўрғон тумани ҳокими О.Оллаберганов. – Туманимиз аҳолиси кўпроқ уй-жой, иш ҳақи ва пенсия, меҳнат ва бандлик, иссиқлик, электр энергияси ва табиий газ таъминоти, фуқаролик, паспорт ва прописка, суд, банк-молия, ободонлаштириш, соғлиқни сақлаш, таълим, ичимлик суви, транспорт ва йўловчи ташиш ҳамда бошқа масалалар билан мурожаат қилган. Ҳар бир мурожаатнинг замирида инсон манфаати, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ётганини инобатга олиб, халқни тинглаш, одамларнинг дарду ташвишини билиш учун ҳар бир хонадонга кириб бориш зарурлигини тушуниб етмоқдамиз.

– 2015 йилда Қуйи Чирчиқ туманидаги “Сурум” массивида қурилган намунавий лойиҳадаги уй-жойлардан бирига шартномада белгиланган тартибда тўлов қилганмиз, – дейди оққўрғонлик Роҳатой Анорқулова. – Лекин уйнинг қурилиши тўлиқ якунланмай, ички эшик-ромлар ўрнатилмай қолиб кетган эди. Бугунги сайёр қабулда бу масалани атрофлича, тезкорлик билан ўрганиб, муаммонинг ечими бўйича мутасадди ташкилот раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди. Бизни қийнаётган ушбу муаммо тезда ҳал бўлганидан бутун оиламиз хурсанд.

Мурожаат қилувчилар орасида мамлакатимизда турли соҳа ва йўналишларни янада ривожлантириш бўйича таклиф билдириш истагидаги юртдошларимиз ҳам талайгина. Улардан бири Оққўрғон тумани “Калияс” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Халил ота Қаршибоев. Кўп йиллар бокс бўйича мураббийлик қилган бу инсон маҳаллаларда 45 ёшдан юқори бўлган инсонлар ўртасида спортни, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган ўз лойиҳасини мамлакат миқёсида ўтказиш бўйича таклиф билдирган.

– Ўтган йили маҳалла фаоллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, ташаббускор инсонлар кўмагида бу лойиҳани туманимиздаги бир неча маҳаллада амалга оширдик, – дейди Х.Қаршибоев. – Натижа ёмон бўлмади. Маълум ёшдагиларга мўлжалланган спорт ўйинлари, саломатлик акциялари одамлар соғлигини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кайфиятини кўтаришга хизмат қилди. Лойиҳанинг мақсад ва вазифалари бўйича тегишли вазирликлар раҳбарлари билан юзма-юз фикрлашдик. Улар бу борадаги ишларни кўриб чиқиб, ўз хулосаларини беришини айтишди.

Қуйичирчиқлик Ҳилола Саидназарова “Гул” қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси номидан мурожаат қилиб, “Гул”, “Ўжакент”, “Юлдуз” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси ҳудудда мактабгача таълим муассасаси йўқлигидан қийналаётганини таъкидлаб ўтди.

– Аҳоли бир неча йиллардан буён шу масала билан туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди идораларга илтимос қилади, – дейди “Гул” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Наргиза Салоҳиддинова. – Ҳудудда 7 минг 500 дан зиёд аҳоли яшайди, 7 ёшгача бўлган болалар қарийб 900 нафар. 350 га яқин болани мактабгача таълим муассасасига жойлаштиришга эҳтиёж бор. Бу борадаги таклифимизни ўрганиб чиқиш учун тегишли давлат идораларига топшириқлар берилди. Масала ижобий ҳал бўлишига ишонамиз.

Сайёр қабулда қўшимча ўрганиш, текшириш ҳамда вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари ўзларига тегишли ҳар бир масала ечими учун жавобгарликни ўз зиммасига олмоқда.

Икром Аввалбоев, ЎзА
2 483






Все о погоде - Pogoda.uz