Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.02.2017 12:34 Чоп этиш версияси

Халқ билан мулоқот: таҳлил ва самара

Боёвут туманида ўтказилган халқ билан мулоқотларда 235 муаммоли масала аниқланди. Уларнинг 33 таси жойида ҳал этилиб, 200 дан ортиғининг ечими бўйича тегишли масъул идора раҳбарларига топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларининг Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги корхона ва ташкилотлар вакиллари, аҳоли билан мулоқотлари хулосаларига бағишланган халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиясида шу ҳақда маълумот берилди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев ва бошқалар Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритиб, айни пайтда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг аҳоли билан мулоқотлари турли долзарб масалаларга жойида ечим топиш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўрганиш натижалари асосида тумандаги прокуратура, ички ишлар, таълим, тиббиёт соҳалари ва бошқа ташкилотлар фаолияти, уларда олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш масалалари атрофлича таҳлил этилди. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари раҳбарларининг фуқаролар билан ишлаш, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш борасидаги ишларида камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

– Сирдарё вилоятидан сайланган депутатлар ва Сенат аъзолари тумандаги корхона, ташкилот, муассаса ва хонадонларда бўлиб, одамлар фикри ва эҳтиёжи билан қизиқди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Б.Ортиқов. – Фуқаролар йиғинлари раислари, тадбиркорлар, фермерлар, ёшлар билан учрашувларда ислоҳотлар самарадорлигини оширишда жамоатчилик назоратининг ўрни, фуқаролар ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг аҳамияти ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши фаолияти ҳам муҳокама этилиб, унинг ишида кузатилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
1 069






Все о погоде - Pogoda.uz