ЎзА Ўзбек

19.04.2018 12:45 Чоп этиш версияси

Халқ билан мулоқот – энг устувор вазифа

Халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишларини ўрганиш, инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Сайёр қабул давомида тарбияси оғир вояга етмаган шахслар ва уларнинг ота-оналари билан учрашувлар ташкил этилмоқда.

Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ахборот хизматидан олинган маълумотларга кўра, жорий йил 9-16 апрель кунлари пойтахтимизнинг Бектемир, Мирзо Улуғбек, Миробод ва Олмазор туманларидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида шундай тадбирлар ўтказилди. Ушбу сайёр қабул ва учрашувларда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши, ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар бошқармаси, тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, Тошкент шаҳар психологлар ассоциацияси ва бошқа мутасадди идора вакиллари иштирок этди.

Сайёр қабулларга 238 нафар фуқаро мурожаат этган бўлса, шундан 99 нафарига мурожаатидаги масалалар юзасидан тушунтиришлар берилиб, 138 нафар фуқаронинг мурожаатлари белгиланган тартибда кирим қилиниб, ижроси назоратга олинди. Мурожаатларда уй-жой ва ер, моддий ёрдам, соғлиқни сақлаш, мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини эътироф этиш, аҳоли бандлиги, доимий рўйхатга қўйиш, паспорт ва бошқа масалалар кўзда тутилган.

Мулоқотлар давомида индивидуал тартибда психолог иштирокида тарбияси оғир вояга етмаган шахслар билан учрашувлар ҳам ташкил этилди.

Ана шундай сайёр қабуллардан яна бири Сергели туманидаги “Ўзгариш” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлиб ўтди.

Сайёр қабулда Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Сарабеков, Сергели туман ички ишлар бошқармаси, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши масъул ходимлари, шаҳар адлия бошқармаси бўлим бошлиқлари аҳоли мурожаатларини қабул қилди.

...Сергели тумани 5-кварталида яшовчи Шоира Эгамбердиева фарзандлари, набиралари билан тўрт хонали хонадонда яшайди. Ш.Эгамбердиева 12 киши учун бу хонадон анча торлик қилаётганлиги туфайли Сергелида қурилаётган арзон уй-жойлардан олиш учун ҳужжат топширган. Бироқ айрим сабабларга кўра уйнинг бошланғич суммасини ўз вақтида тўлай олмаган. Натижада унинг ҳужжатлари архивга киритилган. Ш.Эгамбердиева ушбу масалада ёрдам сўраб, қандай қилиб уй олиши мумкинлиги, бунинг учун яна қайси ҳужжатларни йиғиш кераклиги ҳақида маълумот сўраб мурожаат қилди.

– Авваллари бирор бир масала юзасидан маслаҳат олиш учун турли идораларга боришга, у ерда узоқ навбатда туришга тўғри келар эди, – дейди Ш.Эгамбердиева. – Ҳозирги кунда барча соҳанинг масъул ходимлари келиб маҳалламизда аҳолига ҳуқуқий, тиббий, ижтимоий маслаҳатлар бериб, йўл-йўриқ кўрсатаётгани бизга жуда маъқул бўляпти.

Гулчеҳра Раҳмонованинг оиласи тумандаги кам таъминланган оилалардан бири. Ўзи эса иккинчи гуруҳ ногирони. Шифохонада ётиб даволаниши учун имтиёзли йўлланма сўраб мурожаат қилган. Туман тиббиёт бирлашмаси вакиллари Г.Раҳмоновага бу борада кўмаклашишларини айтишди.

Малоҳат Жамолиддинова оилавий келишмовчик туфайли тўрт фарзанди билан уйсиз қолди. У уйига киритиб қўйишни, оиласини сақлаб қолиш учун бир неча бор мурожаат қилди. Бироқ қайнона-қайнотаси, турмуш ўртоғи буни хоҳламаяпти. Яъни уйга киритишни, бирга яшашни истамаяпти. У ҳам сайёр қабулдан ёрдам сўраб келди.

Тошкент шаҳар адлия бошқармаси мутахассислари М.Жамолиддиновага ҳуқуқий жиҳатдан маслаҳат берди. Бу ишларни олиб бориш учун унга бепул адвокат хизмати ташкиллаштирилди.

Ўтказилган ушбу сайёр қабулга 43 нафар фуқародан мурожаат келиб тушди. Куннинг иккинчи ярмида 21 нафар тарбияси оғир вояга етмаган шахс ва уларнинг ота-оналари билан учрашув ўтказилди. Ота-оналарга ҳар бир боланинг қобилияти ва истеъдодини ўз вақтида пайқаш, уни рўёбга чиқариш, боланинг қизиқишларини ўрганиб бориш фарзанд тарбияси, унинг келажаги учун ўта муҳим масала эканлиги алоҳида таъкидланди.

Бошқарма томонидан ўтказилаётган бу каби сайёр қабул ва учрашувлар пойтахтимизнинг ҳар бир туманида ўтказилиши режалаштирилган.

Гўзал Сатторова, ЎзА
4 988