Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2017 18:38 Чоп этиш версияси

Қуйи Чирчиқ туманида ўтказилаётган мулоқотларда аҳолининг талаб ва истаклари атрофлича ўрганилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида бўлиб, халқ билан мулоқот ўтказмоқда.

Жорий йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниши юртимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган ғояни янги босқичда давом эттириш, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувини такомиллаштириш, бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари, самарали усуллари жорий этилишида муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Тошкент вилоятидан сайланган депутатлар ва Сенат аъзолари Қуйи Чирчиқ туманидаги корхона, ташкилот, муассаса ва хонадонларда бўлиб, одамлар фикри ва эҳтиёжи билан қизиқди. Фаоллар, фуқаролар йиғинлари раислари, тадбиркорлар, фермерлар билан учрашувларда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг моҳияти ҳақида сўз юритилди. Аҳоли кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан янгича ёндашувга эътибор қаратилиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг аҳоли билан яқиндан мулоқоти ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, муаммоларга жойида ечим топишга хизмат қилиши таъкидланди.

– Очиқ мулоқотларда маҳалла фаоллари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, фермерлар, таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари фаол иштирок этмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси М.Ворисова. – Ўз фаолиятини кенгайтириш, кредит олиш, ер ажратиш ва бошқа масалалар юзасидан мурожаат қилган тадбиркорлик субъектлари, фермерлар тегишли ташкилот раҳбарларидан атрофлича маълумот олди. Ўн кун давом этадиган бундай ўрганишларда барча соҳа бўйича ютуқ ва камчиликларни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни жойида бартараф этиш бўйича тегишли чоралар белгилашга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борадаги натижалар эса халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ва фаоллари иштирокида муҳокама қилинади.

Тумандаги “Истиқлол”, “Тошовул”, “Гул”, “Янги ҳаёт” қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларида мактабгача таълим муассасаларига бўлган талаб юқори экани қайд этилди. Мазкур ҳудудлар аҳолисининг бу борадаги талаблари ўрганилди. Бу бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилиб, тегишли хулоса чиқарилди.

Мактабгача таълим муассасаларида бўлиб, тарбияланувчиларга яратилган имкониятлар, уларнинг амалий машғулотлар билан қамраб олинганлик даражаси, гуруҳдаги болалар сони белгиланган меъёрга мувофиқлиги, овқатланиш рациони, муассасадаги санитария ҳолати билан боғлиқ масалалар таҳлил қилинди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар белгиланди.

Тумандаги илғор таълим муассасаларидан бири – Қуйи Чирчиқ транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи фаолияти билан танишув, бу ерда таълим олаётган ўқувчилар билан учрашув ҳам савол-жавобларга бой бўлди.

Муассасадаги ижобий ишлар билан бирга, баъзи муаммолар ҳам тилга олинди. Хусусан, ўқувчиларнинг коллежга ўз вақтида келиб-кетиши учун жамоат транспорти қатновини изчил йўлга қўйиш, муассасадаги мавжуд чилангарлик устахонасини замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Парламент аъзоларининг тумандаги бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари, қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам бу каби ўрганишлари давом этмоқда.

Икром Аввалбоев, ЎзА
2 957






Все о погоде - Pogoda.uz