Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2018 19:16 Чоп этиш версияси

Халқ банки: Иш ҳақи, пенсия ва нафақаларга лотерея билетларини қўшиб сотиш қатъиян тақиқланган

Бугунги кунда Халқ банки томонидан мижозларга бир неча турдаги лотереялар таклиф этилмоқда, лекин айрим ҳолатларда мижозларга банк хизматлари кўрсатиш жараёнида пенсия ва нафақаларга лотерея билетлари қўшиб берилиши ҳолатлари қайд этилган, дейилади Халқ банкининг Адлия вазирлигига йўллаган хатида.

Хатда таъкидланишича, лотерея билетларини иш ҳақлари, пенсия ва нафақалар, бошқа биринчи даражали тўловларга қўшиб сотиш қатъиян тақиқланган. Бу бўйича қуйи филиалларга Халқ банки бошқарувининг алоҳида кўрсатмаси берилган.

Фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар ва шикоятларда кўтарилган масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, қонунбузарликка йўл қўйган филиал раҳбарлари ва масъул ходимларига нисбатан меҳнат қонунчилиги талаблари доирасида интизомий чоралар кўрилган.

Жумладан, ўтган йилда мижозларга банк хизматлари кўрсатилишида амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этмаган ва ишда (жумладан, лотереялар билан ишлашда) қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйган банк филиалларининг 222 нафар раҳбар ходимига Меҳнат кодексининг ҳайфсан ва ўртача иш ҳақига нисбатан жарима қўллаш тарзидаги интизомий чора кўрилган, 91 нафар раҳбар ва бош бухгалтер эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Банк раҳбарияти томонидан фуқароларга лотереяларнинг сотилишини қатъий равишда ихтиёрийлик принципига риоя қилган ҳолда амалга ошириш ва фуқароларнинг асосли эътирозлари келиб чиқишининг олдини олиш чоралари кўриб борилади ва жараён доимий назоратга олинади.

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги расмий канали – "Ҳуқуқий ахборот" хабар тарқатди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
11 636